8 Апрел 2021 йил 844

Маҳаллада жиноят муҳокамаси

 

Косон туманида содир  этилган қотиллик жинояти юзасидан муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ, Косон тумани ҳокимлиги, ИИБ, прокуратура ходимлари  ва “Регзор” МФЙ фаоллари, жиноят содир этган фуқароларнинг ота-оналари ва оила аъзолари иштирок этди.

Маълум бўлишича, 2021 йил 21 март куни соат тахминан 18.00ларда туманнинг “Регзор” МФЙда яшовчи Ж.Л. ўзига тегишли “Ласетти” русумли автомашинада уйидан чиқиб кетиб қайтиб келмасдан бедарак йўқолган. Ҳолат юзасидан Косон тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида туманнинг “Нартичуқур” МФЙда яшовчи Д.С. 2021 йил 21 март кунидан 22 март кунига ўтар кечаси соат 02.00ларда “Нартичуқур” МФЙда яшовчи Д.Э. ва Д.С. қариндоши Ю.С. билан “Регзор” МФЙда яшовчи Ж.Л. билан ўртадаги ўзаро тушунмовчилик туфайли жанжали оқибатида қотиллик жинояти юзага келган.

Муҳокамада жиноятни юзага келтирган омиллар ва шарт-шароитлар, ёшларнинг тунда бемақсад юриши, ота-оналар бирга яшовчи фарзандларини назоратсиз қолдиргани сабаб бўлгани айтиб ўтилди. Бола ота-она учун ҳар доим бола бўлиб қолади. Боз устига маҳалла фаоллари ҳам ёшларга бемақсад юрганда танбеҳ берса, фойдадан холи бўлмайди. Ахир халқимизнинг бир болага етти маҳалла ота-она деган нақли бежизга айтилмаган.

Бу жиноятни содир этган ёшларнинг барчаси бирор фойдали иш билан шуғулланмаганини наҳотки, маҳалла фаоллари билмайди. Ёшларни иш билан таъминлаш ёки банк кредити асосида бандлигини таъминлаш чоралари кўрилганда эҳтимол мудҳиш жиноятнинг олди олинган бўлармиди. Нима бўлганда ҳам бир оила отасиз қолди,  уч нафар ёшлар эса умрининг айни қайноқ дамларини бесамар ўтказишига тўғри келади. Ўйлаймизки, бошқалар бундан тегишли сабоқ чиқаради, деган умиддамиз.                    

Text to speech