Лоқайдлик - умр заволи
Мамлакатимизда бугунги кунда жойларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш соҳасида олиб борилаётган изланишлар, ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Бунда ички ишлар идоралари ходимлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича янгича ишлаш тизими жорий этилаётгани пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Мақсад - том маънода фуқароларнинг чинакам ҳимоячиси бўлишдир.
Бугун ҳамма соҳада бўлгани каби ички ишлар органларифаолиятини очиқ, ошкора халққа етказиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина март ойини оладиган бўлсак, шаҳар ҳудудида 606 нафар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Шулардан 532 нафарига жарима, 10 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, 49 нафари эса огоҳлантирилди.
Ишга бўлган масъулият ва темир интизом туфайли март ойи давомида шаҳар ҳудудида 23 маротаба “Тиғ” тадбири ўтказилди. Мазкур тадбир давомида 786 та транспорт воситаси текширувдан ўтказилди. 2 нафар шахсларга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1852-моддаси 1- ва 2-қисми билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича шаҳар судига тақдим этилди. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 161-моддаси (Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш) билан 16 нафар, 223-моддаси (Паспорт тизими қоидаларини бузиш) билан 25 нафар, 54-моддаси (карантин қоидасини бузиш) билан 53 нафар, 187-моддаси (жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиш) билан 32 нафар фуқароларга маъмурий тартибда чоралар кўрилди.
Жойларда тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш, ҳар бир оила билан якка тартибда иш олиб бориш масаласи бугунги кунда энг долзарб масала бўлиб турибди. Энг ачинарлиси, шуки ўтган ойда Шаҳрисабз шаҳар ҳудудида яшовчи жами 224 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар билан профилактик ишлар олиб борилишига қарамасдан март ойи давомида Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди томонидан спиртли ичимлик истеъмол қилишга муккасидан кетган 7 нафар фуқаро сурункали алкоголизмдан фориғ бўлишлиги учун мажбурий вилоят наркалогия диспансерига юборилди.
Бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама мукаммал қилиб вояга етказиш, таълим-тарбиясига эътибор қаратишда олиб бораётган ишлар етарли бўлмаяпти. Бу соҳада ота-оналар ва маҳалла ҳамда педагоглар жамоасини узвий ҳамкорлигини йўлга қўйиш зарур. Таълим муассасаларида “Давомат”, “Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши курашиш”, “Сиз қонунни биласизми?!” ва бошқа тадбирлар олиб борилиб, сабабсиз дарс қолдирган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилган 7 нафар ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, чора кўришлик учун Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиясига юборилди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилган ва мойил бўлган 4 нафар вояга етмаганлар профилактик ҳисобга олинди.
Шунингдек, шаҳарда оилавий келишмовчиликларни олдини олиш мақсадида, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 22 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди. Жорий йил март ойи давомида шаҳар ҳудудида жами 23 та жиноятлар қайд этилди. Ички ишлар органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан мунтазам тарғибот ва огоҳлантиришларга қарамасдан аҳоли ўртасида фирибгарларнинг тузоғига осонгина илиниб қолиш ҳолатлари давом этмоқда. Фирибгарлик жиноятларидан 3 таси автомашина олиб бериш билан боғлиқ бўлса, фуқаро Э.Ш. пулини кўпайтириш мақсадида БААнинг Дубай шаҳрида яшовчи таниши К.Р.нинг ҳисоб рақамига банк орқали 5000 АҚШ долларини ўтказган.
Кейинги вақтларда тикув автомашиналарини олиб, пулини бермасдан сотиб юбориш ва ер участкаси олиб бериш билан боғлиқ сохта фирибгарлик ҳолатлари кўпайди. Йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ 2 та жиноятнинг биттаси одам ўлими, 2 чиси тан жароҳати билан боғлиқ. Тўртта ҳолатда шаҳарнинг Кунчиқар, Номозгоҳ, Пиллакашлик, Сариосиё маҳалла фуқаролар йиғинларида қўлбола жувоз билан қонунга хилоф равишда чигитдан ёғ ишлаб чиқарганлиги ИЖҚК Департаменти ва ИИО ходимлари ҳамкорлигида аниқланди. Яшил Диёр МФЙда гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаган шахс ички ишлар органлари ходимлари эътиборидан четда қолмади.
Бундан ташқари содир этилган қуйидаги жиноятлар таҳлил қилинганда “Заргарлик” МФЙдаги хонадонда пул ва қимматбаҳо буюмлар ўғирлангани, Дўстлик МФЙда яшовчи фуқаро тақиқланган ижтимоий тармоқлардаги видео ёзувларни кўчириб олиб, тарқатганлиги, Тутзор ва Ипак йўли МФЙларда бюджет маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ 2 ҳолат, Ипак йўли ва Наврўз МФЙда эса қатъий ҳисобда турган ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ ҳолатлар маҳалларда атрофлича муҳокама қилинди.
Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, лоқайдлик умр заволи. Атрофимизда бўлаётган воқеа ҳодисаларни кўра била туриб, лоқайд ва бепарво бўлишлик жиноят содир қилишлик билан баробардир. Соҳибқирон бобомиз Амир Темур таваллуд топган, киндик қони тўкилган заминдада жиноят содир этилмаслиги учун ҳаммамиз бирдек курашмоғимиз ва олдини олмоғимиз даркор. Ҳавола этилаётган рақамларнинг ҳар бири инсон тақдири билан боғлиқ. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун катта ҳаётий тажрибага эга нуронийлар, етук ёшлар ва малакали хотин-қизлар ва жамоатчилик вакилларини жалб этиб, жиноятни жиловлашда ўрнак бўлайлик. Зеро, инсонлари маънавият ва маърифатга интилган заминда йўлидан адашганлар бўлмасин.