Курсантлар амалиётда
Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида республика Ички ишлар вазирлиги Академияси 1-, ва 2-босқич курсантларининг амалиётга киришишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, “Фахрийлар кенгаши”, мураббийлар, Академия 1-, ва 2-босқич курсантлари ҳамда уларнинг ота-оналари иштирjк этди. Йиғилишни бошқарма бошлиғи ўринбосари, полковник Х. Бозоров очди.
Жиноятчиликнинг эрта аниқлаб олдини олиш ва унга қарши курашиш, пинҳона содир этилган қонунбузарликларни фош соҳа вакилидан, албатта, тажриба ва малака талаб этади. Ана шу мақсадда ҳар йили республика ИИВ Академиясининг битирувчи курсантлари иш ўрганиш, олийгоҳда олган билимларини амалиётда тўғри қўллаш, касб сирларини пухта ўрганиш учун жойларда амалий машғулотлар ўтайдилар. Бунда амалиёт билан бирга ёш соҳа ходимларининг касбий маҳорати, жисмоний ва жанговар шайлигини ошириш ҳам эътиборда бўлади. Қолаверса, жиноятчиликка қарши курашишда фавқулодда ва қалтис ҳолатлар юзага келганда ҳар бир ички ишлар идоралари ходими вазиятдан келиб чиқиб, жиноятчини зарарсизлантириш ва хавфсизлик чораларини инобатга олган ҳолда ҳаракат қилиши лозимлиги ёшларга ўргатилади.
- Мамлакатимизда ёшларга бўлган ғамхўрлик ва эътиборнинг ошганлиги, уларнинг ҳар томонлама мукаммал ва етук бўлиб улғайишлари учун бир қатор имкониятлар мавжуд. Жумладан, вилоят ИИБга амалиёт ўташ учун келган тингловчилар Қарши шаҳар ИИБда Тергов, Жиноят-қидирув, Жиноятларнинг олдини олиш, Эксперт-криминалистик йўналишлари бўйича билим ва малакаларини бойитиб, касбга кўникма ҳосил қилади, - дейди бошқарма Кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник К.Назаров. - Тингловчилар тизимда узоқ йиллар хизмат қилган тажрибали ходимлар мураббийлиги остида белгиланган дастурлар асосида машғулотлар ўтайди. Шу билан бир қаторда улар амалиётда асқотадиган меъёрий ҳужжатларни ҳам ўқиб ўрганиши олийгоҳда таҳсил давомида фойда беради.
Амалиёт давомида тингловчилар Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг тажрибали ходимларидан соҳаларнинг сир-асрорларини ўрганишади. Таъкидлаш жоизки, иш ўрганиш жараёнида тингловчиларга вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан амалий-назарий ва бошқа амалий ёрдамлар кўрсатилади.