3 Феврал 2025 йил 491

Курсантлар амалиётга киришдилар

Қарши шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида Ички ишлар вазирлиги Академиясининг 3-босқич тингловчиларининг амалиётга киришишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мураббийлар, курсантлар ва уларнинг ота-оналари ҳам иштирок этди. Йиғилишни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Талат Маматкулов очди.

Жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, пинҳона содир этилган қонунбузарликларни фош соҳа вакилидан, албатта, тажриба ва малака талаб этади. Ана шу мақсадда ҳар йили республика Ички ишлар вазирлиги Академиясининг битирувчи курс тингловчилари иш ўрганиш, олийгоҳда олган билимларини амалиётда тўғри қўллаш, касб сирларини пухта ўрганиш учун жойларда амалий машғулотлар ўтайдилар. Бунда амалиёт билан бирга ёш соҳа ходимларининг касбий маҳорати, жисмоний ва жанговар шайлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Қолаверса, жиноятчиликка қарши курашишда фавқулодда ва қалтис ҳолатлар юзага келганда ҳар бир ички ишлар идоралари ходими вазиятдан келиб чиқиб, жиноятчини зарарсизлантириш ва хавфсизлик чораларини инобатга олган ҳолда ҳаракат қилиши лозимлиги ёшларга ўргатилади.

Мамлакатимизда ёшларга бўлган ғамхўрлик ва эътиборнинг  ошганлиги, уларнинг ҳар томонлама мукаммал ва етук бўлиб улғайишлари учун бир қатор имкониятлар яратилган. Жумладан, вилоят ички ишлар бошқармасига амалиёт ўташ учун келган тингловчилар шаҳар-туман Ички ишлар бўлимларида Тергов, Жиноят-қидирув, ппрофилактика, Эксперт-криминалистика, психолог, жазони ижро этиш, ташкилий бошқарма йўналишлари бўйича билим ва малакаларини бойитиб, касбга кўникма ҳосил қилишади.

Тингловчилар тизимда узоқ йиллар хизмат қилган тажрибали ходимлар мураббийлиги остида белгиланган дастурлар асосида машғулотлар ўташга киришдилар. Шу билан бир қаторда улар амалиётда  асқотадиган  меъёрий ҳужжатларни ҳам ўқиб ўрганиб, тажрибасини бойитишади.

Якунда олийгоҳда ўқиш ва жамоат ишларида фаол қатнашиб келаётган намунали тингловчиларнинг ота-оналарига Академия раҳбариятининг “Ташакурнома”лари топширилди.

Text to speech