5 Феврал 2024 йил 469

Курсантлар амалиётга киришдилар

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазирлиги Академияси 3-босқич курсантларининг амалиётга киришишга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бошқарма раҳбарияти, Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ва Акдемия Ташкилий-штаб фаолияти кафедраси ўқитувчиси, мураббий этиб бириктирилган ички ишлар органлари ходимлари, курсантлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Йиғилишни вилоят ички ишлар бошқармаси  бошлиғи ўринбосари, подполковник Завқиддин Хўжанов очди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда ёшларга бўлган ғамхўрлик ва эътиборнинг  ошганлиги, уларнинг ҳар томонлама мукаммал ва етук бўлиб улғайишлари учун бир қатор имкониятлар яратилганлигини қайд этишди.

Хусусан, жиноятчиликни олдини олиш ва унга қарши курашиш, пинҳона содир этилган қонунбузарликларни фош этиш соҳа вакилидан, албатта, тажриба ва малака талаб этади. Ана шу мақсадда ҳар йили республика Ички ишлар вазирлиги Академиясининг битирувчи курс тингловчилари иш ўрганиш, олийгоҳда олган билимларини амалиётда тўғри қўллаш, касб сирларини пухта ўрганиш учун жойларда амалий машғулотлар ўтайдилар. Бунда амалиёт билан бирга курсантларнинг касбий маҳорати, жисмоний ва жанговар шайлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Жумладан, вилоят ички ишлар бошқармасига амалиёт ўташ учун келган Ички ишлар вазирлиги Академияси 3-босқич курсантлари шаҳар-туман ички ишлар бўлимларида Тергов, Жиноят-қидирув, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Эксперт-криминалистик йўналишлари бўйича тизимда узоқ йиллар хизмат қилган тажрибали ходимлар мураббийлиги остида белгиланган дастурлар асосида машғулотлар ўташади. Қолаверса, жиноятчиликка қарши курашишда фавқулодда ва қалтис ҳолатлар юзага келганда тўғри ва оқилона қарор қабул қилиб, хавфсизлик чораларини инобатга олган ҳолда ҳаракат қилиши лозимлиги ёшларга ўргатилади.

Шу билан бир қаторда улар амалиётда хизматда асқотадиган  меъёрий ҳужжатларни ҳам ўқиб ўрганишади.

Амалиёт давомида курсантлар хизмат кийимида ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этмаслиги, ўз устида ишлаб, амалдаги буйруқлар ва қонунларни пухта ўрганиши, салбий ҳолатларга йўл қўймасликлари, тенгқурларининг ножўя ҳаркатини сезганда огоҳлантириши ва бу ҳақда раҳбариятни хабардор қилиши лозимлиги тушунтирилди.


Якунда, ўқув фанларини аъло баҳоларга топширган, намунали интизомли курсантларнинг ота-оналарига Ички ишлар вазирлиги Академияси раҳбариятининг “Ташаккурнома”лари топширилди.

Text to speech