КРЕДИТ КЕРАКМИ
Қарши тумани Қовчин МФЙда яшовчи, “Агробанк” АТБ Қамаши филиалида ишловчи М.Ш. нафсини жиловлай олмайдиган шахслар тоифасидан бўлиб чиқди. У 2019 йил май ойидан 2020 йил 30 сентябрь кунига қадар банкнинг Юридик хизмат бош юристконсульти вазифасида ишлаб келиб, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш жиноятини содир қилган. Жумладан, М.Ш. 2020 йил апрель ойида фермер хўжалиги раиси О.Б.нинг яшаш хонадонига бориб, кредит қарзини тўлиқ тўлашини айтиб, тўлагандан сўнг унга бошқа кредит чиқариб беришни ваъда қилиб, унинг ишончини қозаонади. О.Б.дан чорва кредитидан бўлган қарзини ёпиш учун 2 млн. 500 минг сўм пулларини олиб, банкка тўламасдан, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. М.Ш. 2020 йил май ойида “Агробанк” АТБ Қамаши филиалига кредит олиш учун мурожаат қилган Ш.Қ.нинг тегишли ҳужжатлари асосида ажратилиб, МЧЖга ўтказилган 20 млн. сўм кредит пулларини нақд пул шаклида олишни ва бошқа корхонадан тикув машиналари олиб беришни ваъда қилади. Ажратилган 20 млн. сўмни 13 фоизга, яъни 17 млн. 400 минг сўмга нақдлаштириб олгандан сўнг, 7 август куни мижоз Ш.Қ.дан тикув машинаси олиб беришни айтиб, 10 млн. сўм пулларини қўлга киритади. Лекин тикув машинаси олиб бермасдан ҳамда пулларини қайтаришни “унутади”. Шунингдек, яна бир фермер хўжалигига “Беларус 80-Х” русумли трактор сотиб олиш учун “Агробанк” АТБ Қамаши филиали томонидан ажратилган кредит қарзини қоплатиш учун фермер хўжалиги раиси У.О.нинг яшаш уйига бориб, кредит қарзини тўлашини айтиб, унинг пластик картасидан 12 млн. сўм, ишчилари Н.М.нинг пластик картасидан 3 млн. сўм, С.Х.нинг ҳам пластик картасидан 3 млн. сўм ўзининг пластик картасига ўтказиб берилган жами 18 млн. сўм пулларидан 4 млн. 500 минг сўмини фермер хўжалигининг пахта кредити учун тўлаб бериб, қолган 13 млн. 500 минг сўм пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Бундан ташқари, М.Ш. тадбиркор таниши З.С.дан 2 млн. сўм қарз олиб, қарзини қайтариб беришни сўраганда унга имтиёзли кредит чиқариб беришни ваъда қилиб алдаб, ўзганинг 2 млн. сўм пулларини қайтариб бермаган.
Алқисса М.Ш. 4 та ҳолатда ўзгаларнинг 28 млн. Сўмпулини қўлга киритиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборгани учун Қамаши тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.