Косон туманида содир этган қотиллик жиноятини юзага келтирган сабаб ва омилларни танқидий таҳлил этилди
Косон тумани 1-сектор штабида туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли болалар шифохонасида содир этилган қотиллик жиноятининг келиб чиқиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитлар юзасидан муҳокама йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят прокуратураси, туман ҳокимлиги, прокуратура ва Ички ишлар бўлими, Тиббиёт бирлашмаси, кенг жамоатчилик вакиллари ва жиноят содир этган шахснинг оила-аъзолари иштирок этди.
Муҳокама йиғилишини вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев очиб, туманнинг Нартичуқур маҳалласида яшовчи Мирзаев Иззатилло томонидан нисбатан содир этган қотиллик жиноятини юзага келтирган сабаб ва омилларни таҳлил этди.
Маълум бўлишича, бундан ўн тўрт йил олдин турмуш ўртоғи вафот этган Мирзаев Иззатилло ҳамшаҳри Ражабова Дилфуза билан турмуш қурган. Ундан ўғил фарзанд дунёга келган. Сўнгра, Касбилик Қурбонова Фотимага уйланган. Учинчи хотинидан ҳам икки нафар фарзанд кўргач, 2014 йилда яна шаърий никоҳ асосида Шоира Яхьяевага уйланган.
Ёши олтмишни қоралаб қолган Мирзаев Иззатилло тўртинчи турмуш ўртоғи Шоира Яхьяева ишлайдиган туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли болалар шифохонасига боради. Турмуш ўртоғини кўрган шифокор ҳақоратомуз гаплар билан уни хонасидан ҳайдаб чиқармоқчи бўлган. Бунга жавобан эр бўлмиш ўзи билан олиб борган ошхона пичоғи билан аёлнинг чап кўкрак ва ён ҳамда бел соҳасига бир неча маротаба тиқиб олади. Натижада аёл шификорлар томонидан кўрсатилдган тиббий муолажаларга қарамай вафот этган.
Эр-хотин ўртасидаги муносабат ҳудуд профилактика инспектори томонидан ўрганилиб, профилактик суҳбатлар ўтказилган. Аммо маҳалла фаоллари, оқсоқоллар ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг бундан хабари бўлмаган. Бундан кўринадики, маҳалла фаоллари эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликни қариндош-уруғ, маҳалла мутасаддилари, фаоллари вақтида аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўрмаган. Кенг жамоатчилик вакиллари қаерга қараган?! Бу ҳолатларни иссиғида аниқлаб, олдини олиш, муросага келтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилганда эҳтимол, бу мудҳиш ҳодиса юз бермаган, бир аёлнинг умри бевақт завол топмаган бўларди.
Йиғилишда туманнинг “Машъал” маҳалласида осойишталик, хотиржамлик ва фуқароларнинг иссиқ совуғидан хабар оладиган масъул мутасаддиларнинг иш услуби ўзгармагани кескин танқид остига олинди. Келгусида бу каби мудҳиш жиноятларнинг олдини олишга нафақат профилактика инспектори, балки маҳалла раҳбарияти, қолаверса ҳар бир сектор раҳбарлари ҳам жавоб беришга мажбурлиги таъкидлаб ўтилди. Бунинг учун тумандаги сектор раҳбарлари ҳамон эскича қолип ва усулда иш кўраётган маҳалла раислари ва аъзолари ишини қайтадан кўриб чиқиш, пировардида фуқароларнинг маиший ва бошқа муаммоларини бартараф этадиган оқил ва кайвони инсонларни оқсоқол қилиб сайлаш лозимлиги иштирокчиларга уқтирилди.
Муҳокамада ҳолат юзага келишига масъул мутасадди идоралар вакилларидан воқеа бўйича изоҳ сўралиб, ўз ишига совуққонлик билан ёндошган оқсоқол ва раҳбарларга тегишли жазо чоралари белгиланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Косон туман прокуратураси томонидан Мирзаев Иззатиллога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.