21 Феврал 2024 йил 392

Косон туманида бўлиб ўтган вилоят 3-сектор раҳбарининг уюшмаган ёшлар билан учрашув ўтказилди

Аҳоли бандлигини таъминлашда ташқи меҳнат миграциясининг ўрни катта. Айни пайтда биргина Германия давлати 50 минг иш ўрнини таклиф этаяпти. Косон туманида бўлиб ўтган вилоят 3-сектор раҳбарининг уюшмаган ёшлар билан учрашувида бу ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбирда туманнинг 202 нафар ёшлари шу имкониятдан фойдаланиш истагини билдирди,  уларнинг 194 нафари Германияда ишлаш, 6 нафари таълим олиш мақсадини кўзлаган. Маълумотларга қараганда, Германияда 2 хил усулдан фойдаланиб, ишлаш ва ўқиш имконияти бор. Яъни улардан бири немис тилини ўрганиб, тўғридан-тўғри хорижга чиқиш бўлса, иккинчиси аусбилдунг  тизимидан фойдаланиб, ҳам ўқиш, ҳам ишлаш учун 3 йиллик шартнома асосида Германияга жўнаб кетиш. Ҳар иккала ҳолатда ҳам немис тили бўйича Б1-Б2 сертификатлари талаб этилади. Эътиборлилиси, тил ўрганиш учун катта харажат қилиш, мутахассис қидириш шарт эмас. Тил курслари маҳаллаларнинг ўзида, тажрибали педагогларни жалб қилган ҳолда бепул ташкил этилади. Учрашувда бу ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу эса ёшларнинг дилидаги гап бўлди. Туманнинг Нартибаланд маҳалласидан Зарнигор Шуҳратова анчадан бери немис тилини ўрганиб, Германияда ишлаш истаги билан яшаётган эди. У биринчи қадамни қандай қўйишни билмаётган бир пайтда бу учрашув унга катта шижоат берди. Зарнигор шу ернинг ўзида маҳалласида ташкил этилган немис тили курсига ёзилди.  Ёшларнинг кўпчилигини ушбу давлатда айни пайтда қайси мутахассисликларга талаб юқори деган савол қизиқтирди. Мутасаддилар томонидан ҳамширалик, ҳайдовчилик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, меҳмонхона хизмати йўналишларида иш ўринлари кўп эканлиги айтиб ўтилди. Бундан ташқари Буюк Британия, Туркия, Латвия, Польша, Корея, Россия каби давлатларда ҳам ишлаш имкониятлари ҳақида тадбирда тўхталиб ўтилди.

Text to speech