Коррупциясиз соҳада адолат ва ривожланиш бўлади
Қашқадарё вилояти ИИБда “Коррупциясиз соҳада адолат ва ривожланиш бўлади” мавзусида маърифат дарси бўлиб ўтди. Унда бошқарма соҳавий хизматлари ходимлари иштирок этишди. Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник Х.Бозоров очди ва олиб борди.
Бошқа соҳаларда бўлгани каби, ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ҳам коррупцияга қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, бу иллатни йўқотиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тизимда коррупцияга қарши курашиш, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш устувор вазифага айланган. Ҳалолликни шиор қилган кўплаб ходимлар коррупцион ҳолатлар, пора бермоқчи бўлаётган шахслар ҳақида хабар бериб, касбига содиқлигини амалда намоён этишяпти.
Кичкина бир деталь ёки мурват ишламаса бутун бошли катта машина яхши юрмайди ёки ишламайди. Ана шу арзимасдек туюлган кичик носозлик бора-бора бошқа деталларни ҳам ишдан чиқаради. Худди шундай, танасининг бир жойида дарди бор одам вақтида даволанмаса, дард кучайиб бошқа аъзоларни ҳам зарарлайди. Коррупция ҳам худди шундай. Жамиятда бу иллат бор экан, вақтида унинг илдизи қирқилмаса, қарши курашилмаса, у барқ уриб ривожланаверади. Оқибатда давлат таназзул ботқоғига ботиб бораверади.
Хўш, унга қарши қандай курашиш керак? Яна қандай чоралар кўриш лозим?
Бу борада зиёлилар, ҳуқуқшунослар, уламолар фикрига қулоқ тутадиган бўлсак, муаммонинг ечимини топгандек бўламиз. Баъзилари қонунни қатъийлаштириб, жазони кучайтириш керак, деса, айримлари унга қарши курашни оиладаги тарбиядан бошлаш лозим, ҳалол-ҳаромнинг фарқини болаликдан уларнинг онгига сингдириш зарур, деди - Қарши Давлат университети доценти, фалсафа фанлари номзоди А.Дўланов.
Йиғилишда Коррупция даражаси энг паст бўлган Сингапур, Финляндия, Жанубий Корея шу даражага халқ руҳиятини сақлаб қолиш, диний қадриятларни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик мафкурасини онгга сингдириш орқали эришган. Ҳамма учун бир хилда ишлайдиган қонунларни жорий этиш, одамларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, бирор манфаатсиз жамоатчилик назоратини яратиш туфайли шу мақомга сазовор бўлган. Биз ҳам шу нурли йўлдан юришга муносиб халқмиз. Наҳот, улар қилган ишни биз қилолмасак?!
Тадбида Коррупциясиз жамиятни яратишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлаш, электрон ҳукуматни кенг жорий этиш, инсон омилини камайтириш ҳам яхши самара бериши синалган усуллардан биридир деб такидланди.
Хуллас, тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлмоғи зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этамиз, коррупциясиз соҳа, коррупциясиз жамиятни яратамиз.