19 Ноябр 2022 йил 278

Коррупцияга қарши муросасиз бўлиш - бугунги кун талаби

Қашқадарё вилояти ИИБда Президентимизнинг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ–81-сон қарори ва Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, ички ишлар органларида коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда ИИВ ШХБ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, Тергов бошқармаси ва ММИ ва КБТХ масъул раҳбарлари ички ишлар органларида коррупциянинг содир этилишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ташкилий-амалий ишларни мониторинг қилиб бориш, манфаатдор идораларга маълумотномаларни ўз вақтида тақдим этиш вазифалари хусусида сўз юритдилар.

Йиғилишда Бошқарма бошлиғининг 2022 йил ноябрдаги “Ички ишлар органларида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш ҳамда коррупциявий омилларни кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғига кўра, бошқарма соҳавий хизматлари масъулларидан иборат Коррупцияга қарши курашиш бўйича Ички ишлар бошқармаси комиссияси тузилиб, ишчи гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди.

Комиссия аъзолари коррупциянинг барвақт олдини олиш, унга қарши курашиш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишни тарғиб этувчи тадбирлар, давра суҳбатлари ташкиллаштириш, ходимларнинг оилавий шароитларини, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ўрганиб, ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатиш вазифаси юкланди. 

Тадбирда иштирокчиларга “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2022 йил 3 март кунидаги буйруғи талаблари ижросини таъминлаш ҳамда ички ишлар органларида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш мақсадида хизматдан фойдаланиш учун услубий қўлланма” тарқатилди.

Text to speech