16 Июл 2025 йил 518

Китоб тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи полковник Таиров Фаррух Саломовичнинг туман аҳолисига мурожаати

Ассалому алайкум ҳурматли туманимиз фуқаролари!

Барчамизга яхши маълумки, сўнги йилларда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилиб, ҳуқуқбузарликларни содир этишга сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни ижтимоий профилактика чоралари тизими орқали ҳал этиш ҳамда алоҳида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида  самарали  чора - тадбирлар  амалга  оширилди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга   оширилмоқда.

Шу мақсадда, Муҳтарам Президентимизнинг 2025 йилнинг 3 январь куни “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сонли Қарори қабул қилинди.

Ушбу Қарорда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда Китоб тумани ИИБ ходимлари алоҳида  жонбозлик  кўрсатиб,  аввало  аҳолига яқин бўлиб, қонун ва адолат устуворлигини, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш фаолиятимизни асосий мезони сифатида   белгилаб  олдик.

Қадрли тумандошлар!

Амалга оширилган ишлар ва кўрилган чораларга қарамай, жорий йилнинг ўтган даврида туманда умумий жиноятлар  сони 195 тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг  мос даврига нисбатан 100 тага ёки 105,3 фоизга ошган. Афсуски, яратиб берилаётган кенг имкониятларга қарамасдан айрим шахслар ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш, фуқароларни алдаш ва бошқа воситалар орқали  уларнинг  мол - мулкини  эгаллашга  уринишмоқда.

Айниқса, жаҳон интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда фуқароларга ҳар хир турдаги таъсир ўтказиш орқали уларнинг пластик ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини эгаллаш  ҳолатлари  кўплаб  учрамоқда.

Ўтган даврда, туманимизда 100 та кибержиноятлар, 6 та фирибгарлик ҳолатлари содир этилиб, жиноят ишлари қўзғатилгани   бунинг   яққол  исботи. Сўнги йилларда бу тоифадаги жиноятлар бир неча баравар кўпаймоқда.

Шу сабабли, туманимиз аҳолисидан фирибгарлик ва ўғрилик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда банк карталари ва ҳисоб рақамлари тўғрисидаги маълумотларни сир сақлашларини сўраб қоламиз.

Оилалардаги муҳитни яхшилаш, айниқса, хотин – қизларнинг ҳамда ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилаётган бир вақтда 2 нафар хотин–қизлар, 8 нафар ёшлар,
1 нафар вояга етмаганлар томонидан жиноят  содир  этилди.

Шунингдек, йўлларда автомобиллар сони кундан-кунга ортиб,  ҳайдовчиларнинг  масъулиятини  оширмоқда. Бироқ, айрим ҳайдовчилар йўл белгилари, йўл қоидаларига риоя этмасдан ўзбошимчалик билан тезликни оширгани ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ фуқароларга автомашинани бошқаришга ноқонуний рухсат бергани натижасида жами 9, шу жумладан ўлим билан боғлиқ 3 та йўл-транспорт ҳодисаси содир  этилганлиги  аянчли, албатта!

Шу сабабли, келгусида ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб масалалар  борлигини  барчамиз   яхши  тушунамиз.

Азиз Китобликлар !

Албатта, туманда жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олишда, умуман барча соҳаларда қонунийликни таъминлашда, энг аввало, маҳалла аҳли, ёшлар ва нуроний ташкилотлар фаолларига, турли меҳнат жамоаларидаги жонкуяр ва ватанпарвар инсонларга, уларнинг амалий ёрдами ва  ҳамкорлигига  таянамиз.

Агарда ҳар бир фуқаро туманимизни жиноятдан, корруп-циядан ҳоли, тинч ва хавфсиз ўлкага айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, биргаликда курашсак  кўзланган  мақсадга  албатта  эришамиз.

Бугунги кунда жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида қатъий ишлаяпмиз.

Президентимиз талаб қилаётганларидек, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузарликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф  қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Қонунларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, шаъни ва қадр қимматини, мол - мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, жамиятда юриш - туриш қоидаларига риоя қилиш, ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини  ҳам  доимо  ёдда  тутишимиз  зарур.

Азиз тумандошлар, келинг, барчамиз шу йўлда муҳтарам Президентимизга елкадош бўлиб, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган  жамиятни  биргаликда  барпо  этайлик!

Таиров Фаррух Саламович, Китоб туман ИИБ бошлиғи

.

 

Text to speech