Кечиримлилик халқимизга хос фазилат
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 декабрь кунидаги “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан ИИВ ЖИЭД 4-минтақавий ҳудуд 35-манзил колониясида жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган Қашқадарё вилоятида доимий рўйхатда турувчи 12 нафар шахслар муддатидан олдин жазодан озод этилиб озодликка чиқарилди, 4 нафар шахсларнинг жазо муддатлари эса қисқартирилди.
Озодликка чиққан шахсларнинг 1 нафари муқаддам “Хизб ут-таҳрир” диний экстремистик ташкилотига адашиб кириб қолган, қолган 11 нафари эса терроризм ва экстремизм билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиноят содир этгани учун озодликдан маҳрум этилган.
Жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган шахслар яшаш манзилига келганидан сўнг соғлигини текшириш ва саломатлигини тиклаш мақсадида тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли тиббий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, уларга янги фуқаролик паспортлари расмийлаштирилиб берилди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Муқаддам судланганларни ижтимоий ҳимоялаш кўникма маркази” томонидан ҳар бирига 1.485.000 сўмдан моддий ёрдам пуллари берилди.
Қашқадарё вилояти ИИБда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси ДХХ вилоят бошқармаси раҳбарлари иштирокида жазодан озод этилган шахслар билан очиқ мулоқот руҳида суҳбатлар ўтказилиб, уларни ижтимоий, маданий ва маиший муаммоларини тингланиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Айримлари эса ишга жойлаштирилди.
Бу борадаги ишлар давом этмоқда.