КАСБ БАЙРАМИ ТАНТАНАСИ
Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номли вилоят мусиқали драма театрида 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматларида хизмат қилиб эл назарига тушган ходимлар, раҳбарлар ва ички ишлар идораларида узоқ йиллар хизмат қилиб бугунги кунда фахрийлик гаштини сураётган фахрийлар иштирок этди. Тантанали тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Ш.Сатволдиев очиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг соҳа вакилларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Нотиқ ўз сўзида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ички ишлар органлари тизимида амалга оширилган ислоҳотлар боис юртимизда ўтган йилларда мустаҳкам, замонавий ва тезкор ҳаракатланувчи ички ишлар тизими барпо этилганини таъкидлади. Ушбу жараёнга ҳамоҳанг соҳадаги янгиланишлар замирида бош мезон халқ хизматида бўлиш, юрт тинчлиги ва эл осойишталигини таъминлаш устувор вазифа сифатида эътироф этилганини таъкидлади.
Албатта, халқимизнинг хизмат қилган элда азиз, деган ибораси бежизга айтилмаган. Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва кўз қорачиғидек асраш, осойишталикни ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида хизмат чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг номлари доимо авлодлар ёдида.
- Юрт посбони деганда кўз ўнгимизда кишидан юксак касбий маҳорат, кучли ирода соҳиби, ўрни келганда мардлик, жасурлик, фидойилик каби хислатларни намоён этадиган соҳа фидойиси гавдаланади, - деди тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. - Ўз навбатида бу кишидан касб сирларини пухта ўзлаштиришни талаб этади. Буни эл осойишталиги йўлида жасорат ва матонат намуналарини намойиш этаётган соҳа фидойилари хизмати мисолида кўриш мумкин.
Ички ишлар идоралари тизимларида самарали хизмат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз Фармонига биноан давлатимизнинг юксак унвон ва медаллари билан тақдирлангани вилоят ички ишлар идоралари ходимлари хизматига берилган юксак баҳодир. Жумладан, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Сатволдиев Шухратжон Хошимович II даражали “Шон-шараф” ордени, бошқарма ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси подполковник Наркабилов Мухидин Турсунович “Содиқ хизматлари учун” медали ва бошқарма Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси муҳим топшириқлар бўйича инспектори майор Курбанов Ахрор Абдукаримович “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Бундан ташқари ИИВнинг буйруғига биноан бир гуруҳ ходимларнинг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони ва “Фахрий ёрлиғи” ҳамда қимматбаҳо совғалари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.