Карантин қоидалари амалда
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси муносабати билан фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш, одамларга оммавий вирус юқишининг олдини олиш мақсадида ҳукумат қарори билан бир қатор карантин тадбирлари амалга оширилди. Натижада аҳолининг асосий қисми вирусдан ҳимояланди десак ўринли бўлади. Аммо айрим фуқаролар бу чекловларга амал қилмагани боис аҳоли орасида қисман касалланиш ҳолатлари кузатилди. Аммо бу билан хотиржамликка берилиб бўлмайди. Мамлакатимизда карантин ҳолатлари тўлиқ бекор қилинмади, аксинча қисман юмшатилди. Буни ўзича енгиллик деб тушунган баъзи ҳамюртларимиз кўчада тиббий ниқобсиз ҳаракатланиб, ўз ҳаётини хавф остига қўймоқда. Бу борадаги ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаб олдини олиш ва аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида вилоят ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматлари қатори ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси таянч пунктлари профилактика инспекторлари ҳам воҳанинг шаҳар-туманлари ва ҳатто чекка қишлоқларида тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. Профилактика инспекторларининг огоҳлантиришларидан ўзига тегишли хулоса чиқармаган фуқароларга қонун доирасида тегишли чоралар кўрилмоқда.
Тиббиётда касалликни даволангандан кўра олдини олган афзал деганларидек, мутахассисларининг тавсияларидан келиб чиқиб, профилактика инспекторлари одамлар гавжум бўладиган масканлар, чойхоналар ва кўнгилочар масканлар, бозорларда бўлиб, оралиқ масофани сақлаган ҳолда фаолият юритиш, нафақат ўзини балки фуқаролар хавфсизлигини таъминлашнинг бирламчи кафолати эканлигини тарғиб этмоқда. Ҳудудда жойлашган бозорларда маъмурият билан келишилган ҳолда ҳафтанинг бир куни профилактика куни деб эълон қилиниб, бу борада ибратга молик ишлар амалга оширилмоқда. Бозорга кириш жойи ва фуқароларни эътиборини тортадиган жойларга карантин кунини эслатувчи паннолар қўйилмоқда.
Бу борадаги ишлар жойлардаги профилактика инспекторлари томонидан узлуксиз амалга оширилиб, карантин тадбири талаблари намунали олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилояти ИИБ ҲПБ