14 Декабр 2021 йил 520

Жиноятлар жиловланмоқда

Аввал хабар берганимиздек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Китоб тумани ички ишлар бўлими ходимларига жиноятларни “маҳаллабай” жиловлаш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида икки кун давомида амалий ёрдам кўрсатишни бошлаганди.
Икки кун давомида ишчи гуруҳ туманда содир этилган жиноятларни юзага келтирган шарт-шароит ва бунга имкон яратган омилларни ўрганиб, атрофлича муҳокама қилишди. Жиноятларни жиловлашда кенг жамоатчилик, маҳалла фаоллари ва оқсоқоллардан унумли фойдаланиш хусусида тегишли йўриқномалар берилди.
Қизил ҳудудга киритилган “Али қушчи” ва сариқ тоифадаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи Китоб тумани ички ишлар бўлими профилактика инспекторларининг хизмат жараёни, маҳалла ҳудудида ташкил этилган жамоатчилик назорат масканлари фаолияти, профилактика инспекторларининг маҳалла аҳолиси билан муносабатлари ва уларнинг мурожаатларини ҳал этиш ишларини атрофлича ўрганиб, таҳлил этишди. Маҳаллада ҳар бир оила ва фуқароларнинг муаммоларини ўрганиб, маҳалланинг крименоген вазиятини яхшилаш, бу борадаги ишларни туман миқёсида жорий этиш бўйича тавсия ва таклифлар берилди.
Тадбир якунида туман ички ишлар бўлими шахсий таркиби билан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, туманда жиноятларни келтириб чиқарувчи ҳолатларни атрофлича ўрганиш, тегишли таъсир чораларини қўллаган ҳолда ижобий томонга ўзгартириш раҳбарлар олдига аниқ вазифалар қўйилди ва ижроси назоратга олинди.

Text to speech