Жиноятга бошлаган адоват
Қарши шаҳар “Каманди” маҳалласида яқинда содир этилган мудҳиш жиноят муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Муҳокама йиғилишида вилоят ИИБ, Қарши шаҳридаги тўртта сектор раҳбарлари ва маҳалла бешлиги ҳамда фаоллари иштирок этишди.
Йиғилишида вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев Қарши туманидаги “Кожор” МФЙда яшовчи, вилоят Асаб-руҳий касалликлар шифохонасида диспансер ҳисобида турувчи руҳий касал М.П. жорий йилнинг 17 июль куни соат тахминан 07:15 ларда Қарши шаҳар “Каманди” МФЙда яшовчи қайнсинглиси Р.Д.нинг яшаш хонадонига яширинча тарзда кириб “Нимага менинг оиламга аралашасан”- деб у билан ўзаро жанжаллашиб қолгани, натижада П.М. ҳовлида турган офтоба билан қариндоши Р.Д. нинг бошининг орқасига ўта шафқатсизларча уч маротаба уриб, унга ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказиб, ҳушсиз ҳолатга келтиргани, олган тан жароҳати туфайли аёл оламдан ўтгани, уч нафар бола етим бўлиб қолганини таъкидлади.
Муҳокамада маҳалла фаолларининг фуқаробай, хонадонбай ишлаш жараёнида руҳий касал бу фуқаронинг хатти-ҳаракати соғлиқни сақлаш тизими ходимлари томонидан вақтида назоратга олинмагани танқид остига олинди.
Йиғилишда бундан кейин маҳалла фаоллари, фуқаролар ўртасида бу турдаги жиноятларни олдини олиш учун профилактик тарғибот тадбирларини янада жонлантириши, маҳаллада яшовчи фуқароларни бандлигини таъминлаши масъулларга тушунтирилди.
Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.