7 Сентябр 2024 йил 492

“Йилнинг энг фаол фахрий ходими”

Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлимида Ички ишлар органларида фахрийлари ўртасида “Йилнинг энг фаол фахрий ходими” танлови бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари ва шаҳар-туман ички ишлар бўлимларининг фахрийлар кенгаши раислари иштирок этишди.

Дастлаб, ҳар бир кенгаш раисининг фаолияти, фахрийларнинг Ватан осойишталиги ва юрт тинчлиги йўлидаги узоқ йиллик меҳнатини инобатга олган ҳолда хизматни ўташ даврида орттирилган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган  фахрийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти ва билими ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Сўнгра, уларнинг йил давомида амалга оширган ишлари бўйича ахбороти эшитилиб, аьлбомлари кўриб чиқилди. Бунда ҳудудий  кенгаш раисининг ёш ходимларга касб сирларини ўргатиш, фаол фахрийларни уларга бириктириш, ёшларнинг хизмат интизоми ва қонунчиликка оғишмай риоя этиши учун мураббийлик ҳаракатини кенгайтириш, “Устоз-шогирд анъаналари”ни янги босқичга олиб чиқиш, ёш ходимларнинг миллий қадриятларга содиқ, чинакам ватанпарвар ва фидойи “халқ хизматчиси” бўлиб шаклланиши учун “Маънавият ва маърифат дарси”да “Устозлар ўгити” шиори асосида амалга оширган фаолияти атрофлича ўрганиб чиқилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари, ички ишлар органларида ўтказилаётган ислоҳотларга дахлдорлиги, “Бир мураббий ўн ёшга масъул” шиори асосида қизил тоифадаги маҳаллаларни яшил тоифага ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатларига ҳам эътибор қаратилди.   

Танлов натижаларига кўра Чироқчи тумани ички ишлар бўлими фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Эркин Муродов 1-ўринга лойиқ топилди. Навбатдаги совринли ўринларни Қарши шаҳар шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Ибодулла Хусанов ва Деҳқонобод тумани ички ишлар бўлими фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Аъзамқўл Жовлиев қўлга киритди. 

Ғолиблар танлов ҳайъатининг дипломи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Тадбир якунида фахрийлар билан ёшлар бир пиёла чой устида суҳбатлашдилар.

Text to speech