Яроқсиз гўштлар кимга керак?!
Аждодларимиз яхши билан ёмоннинг, ҳалол билан харомнинг фарқини ёшлар онгига болаликдан сингдириб келади. Бу одатлар инсонни комиллик ва камолот сари етаклайди. Аммо орамизда ҳалол билан харомнинг фарқини билса-да, нафс қулига айланиб, бойлик орттириш илинжида одамгарчиликни унутиб қўяётганлар учрамоқда. Жумладан, 2021 йил 20 май куни кечаси соат 01:00ларда, Чироқчи тумани Умакай мунтазам ЙПХ масканидан ўтаётган “Ласетти” русумли автомашина ички ишлар органлари ходимлари эътиборини тортди. Ҳайдовчидан бошқа ҳеч ким бўлмаса-да, юкнинг оғирлигидан автомашина зўрға юриб келарди. Текширувлар давомида Косон тумани “Пахтазор” МФЙда яшовчи Т. М ўзига тегишли бўлган “Ласетти” автомашинасида истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб, истеъмолга яроқсиз бўлган ҳайвон гўштини автомашинасига ортиб, номаълум томонга олиб кетаётганида вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан аниқланди. Ҳайдовчидан жами 450 кг истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулоти тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Чироқчи тумани ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўлимининг 2021 йил 03 июнь кунидаги хулосасида тақдим қилинган 450 кг гўшт маҳсулотлари номаълум ҳайвонга тегишли эканлиги ва истеъмолга яроқсиз бўлганлиги сабабли зарарсизлантирилиб, ёқиш йўли билан куйдирилиб йўқ қилиниши кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи туман ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан жиноят иши қўзғатилган.