Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан, Қашқадарё вилоятини “Хавфсиз ҳудуд”га айлантириш мақсадида Миллий гвардия, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва бошқа вазирлик ҳамда идоралардан тузилган республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини бошлади
Вилоят ИИБда кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоятнинг шаҳар-туман ИИБлари раҳбарлари, Миллий гвардия, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ва бошқа мутасадди идоралар ҳудудий бўлимлари ходимлари видеоселектор орқали иштирок этган йиғилишни Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Бекмурод Абдуллаев очди.
Сир эмас, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида бир қатор жиноятларнинг салмоғи ортган. Содир этилаётган жиноятлар таҳлил этилиб, бу борада ишчи гуруҳ томонидан тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Режага кўра, ИИБ ходимлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоят Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш бошқармалари, вилоят Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи, вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар, профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари ва “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳи аъзолари бириктирилган 9 та махсус гуруҳлар тузилиб, туну кун 2 босқичда хизмат олиб бориши йўлга қўйилди.
Гуруҳ аъзолари юриш туришида шубҳа уйғотган, фуқаролар томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштириш, “Тиғ” тадбири давомида совуқ қурол ёки бошқа ашёларни олиб юриш қоидаларини бузган шахсларни аниқлаб тегишли чоралар кўриш, назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганларни аниқлаш, профилактик ҳисобда турувчи илгари судланган шахсларни текшириш ва маъмурий назорат ўрнатиш, профилактик ҳисобга олинган шахсларга мураббийлар бириктириш, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турувчи шахсларни текшириш ва даволанишга муҳтожларини тиббиёт муассасаларига жойлаштириш, низоли оилаларни ўрганиб, улардаги маиший муаммоларни бартараф этиш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритади.
Шунингдек, қўриқловга олинган объектларда ташвиш тугмасининг ишчанлик ҳолати, тўғридан-тўғри телефон линияси ва кузатув камералари ишлаши ва янгиларини ўрнатиш, хонадон, кафе-бар, чойхона, тунги клуб, компьютер хоналари, корхона ва ташкилот, мактаблар, мактабгача таълим муассасаси, савдо ҳамда бошқа иншоотларни ўрганиб, қўриқлаш пультига улаш, ички ишлар органларига бириктирилган мактаблар фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиш ва тегишли чораларни белгилаш, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга субсидия асосида меҳнат қуроллари ажратиш, ҳайдовчилик ўқув курсига йўналтириш ҳамда доимий ишга жойлаштириш чораларини кўриш, “Аёллар дафтари”даги фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиб, рўйхатдан чиқариш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи яхшиланиши натижасида “Темир дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлашга амалий ёрдам кўрсатади.
Ушбу жараёнда назорат остидаги шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш, озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахсларнинг чекловларга риоя қилинишини текшириш ва суд томонидан ўрнатилган чекловларни бузиб келаётган, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган шахсларнинг иш жойларида жазо ўташини ўрганиш ва ўрганиш вақтида иш жойида бўлмасдан жазо ўташ тартибини бузиб келаётган, назорат остидаги шахсларни ишга жойлаштириш, суд томонидан тайинланган жазони ўташдан бўйин товлаганлиги учун назорат остидаги шахсларнинг жазосини оғирига алмаштириш, жазони ўташ вақтида тузалиш йўлига кирган назоратдаги шахслар муддатидан илгари жазодан озод этиш ишлари ҳам назоратдан ўтказилади.
Бундан ташқари “Уюшмаган ёшлар”, “Ёшлар”, “Спортчилар”, “Жанговар спорт тури билан шуғулланувчилар” тўпланадиган ноқонуний жойларни аниқлаш, ёшлар орасида оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишга мойиллари ҳамда етакчиликка интилаётганларини аниқлаш, “Хавфли гуруҳ”га мансуб жойларни танлаб олиб, мазкур ҳудудларда тунги рейдларни ўтказиш ҳам эътибордан четда қолмайди.
Ижтимоий-сиёсий вазият, узоқ муддатга чиқиб кетган фуқаролар, “Тиғ” тадбири давомида совуқ қурол ёки бошқа ашёларни олиб юриш қоидаларини бузган шахсларни аниқлаш, номаълум шахслар томонидан содир этилган жиноятларни фош этилиш, бедарак йўқолган шахсларни аниқлаш ва қидирувдаги шахсларни ушлаш тадбир режасидан ўрин олган.
Одатда жиноятлар содир этилишига кўпроқ спиртли ичимликлар сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи дўконлар, чакана ва қуйиб сотиш жойларида маст ҳолатдаги шахслар томонидан жанжал кўтарилишини олдини олиш мақсадида ноқонуний алкоголь савдоси билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаб чора кўриш, ноқонуний дори воситаларини сотиш билан шуғулланаётган дорихоналарни аниқлаш, кафе, бар, тунги клублар, компьютер хоналари ва бошқа кўнгилочар масканларда тунги вақтда кузатувсиз юрган вояга етмаганларни ва жиноят содир этишга мойил бўлган ёшларни назорат қилиш мақсадида рейдлар уюштириш, ҳушёрхонада маст фуқаролар учун ўринлар ташкил этилганлигини ўрганиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш кўзда тутилган.
Кўча ва жамоат жойларининг ёритилмаган жойларига чироқлар ўрнатиш, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг қоровуллари фаолиятини ўрганиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Жиноий унсурлар тўпланиши мумкин бўлган жойларни аниқлаш, ов қуроли эгаларини текшириб, рўйхатдан ўтказиш муддатини бузган шахсларга қонуний чора кўриш, фуқаролар ихтиёридаги қурол ва ўқ дориларни ихтиёрий равишда ИИБга топшириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади.
Ушбу жараёнда Йўл ҳаракати қоидаларини бузган, янги намунадаги алкотестерлардан фойдаланиб, махсус рейдлар ўтказиш ва транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган ҳайдовчиларга тегишли чоралар кўриш, газ ускуналари ўрнатилган транспорт воситаларини ҳатловдан ўтказиш, қидирувдаги транспорт воситалари, автомобилида совуқ қурол ёки бошқа тақиқланган ашёлар ва гиёҳвандлик воситаларини олиб юрган шахсларни аниқлаш ишлари кучайтирилади.
Албатта, ҳушёрлик - хатарга қалқон. Тадбир давомида йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир этиладиган жойларга, фоторадар, светафор, йўл белгиларини ўрнатиш ва йўл чизиқларини чизиш, ноқонуний автотураргоҳларни аниқлаб, 3.27 йўл белгисини ўрнатиш диққат-марказда бўлади. Ушбу жараёнда вилоятдаги мактабларга ҳам светафор, сунъий нотекислик ва шу каби йўл ҳаракати ишора белгиларини ўрнатиш ҳамда йўл чизиқларини чизиш ишлари амалга оширилиши юзасида ишчи гуруҳ аъзоларига алоҳида топшириқлар берилиб, ижроси назортга олинди.