Истеъмолга яроқсиз гўшт ушлаб қолинди
2021 йил 15 октябр куни соат 01.30да Қашқадарё вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ Карантин бўлинмаси ва ЙҲХБ ходимлари ҳамкорликда Чироқчи туманидаги “Ўмакай” мунтазам ЙПХ масканида ўтказган тадбирда яроқсиз гўшт маҳсулотини олиб кетаётган ҳайдовчини тўхтатиб қолишди.
Сурхондарё вилояти Aнгор туманида яшовчи A.О. бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашинаси тўхтатиб текшириб кўрилганида, юкхонада ҳеч қандай ветеринария маълумотномаларисиз гўшт маҳсулоти борлиги маълум бўлди. Келиб чиқиши номаълум бўлган, гўшт маҳсулотининг оғирлиги 150 килограмм чиқди.
Олиб кетилаётган гўшт маҳсулоти Чироқчи тумани озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги микробиология ва ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси текшириб кўрилганда истеъмолга яроқсизлиги аниқланди ва тегишли тартибда йўқ қилинди.