Инсонга ёт одат
Буюк ва нозик ҳилқат, яратувчи зот - аёлларнинг ҳаётда ўрни беқиёс. Шу боис дунёда она меҳридан улуғ ҳис йўқ. Фарзандига бор меҳрини, керак бўлса жонини фидо қилувчи аёллар орасида ҳам нафс комига тушиб она деган буюк номга доғ тушираётганлар борлиги ачинарли. Жумладан, Чироқчи тумани рўйхатида туриб, Шаҳрисабз шаҳрида вақтинча яшовчи (исм-фамилиялар ўзгарган) 35 ёшли Асила Ачилова ва Китоб туманида доимий руйхатда туриб, вақтинча Шаҳрисабз шаҳри “Лайлакон” МФЙда яшовчи 43 ёшли Амира Адилова Асиланинг 4 ёшли ўғли Тоиров Тўлқинни сотишга қарор қилишади.
Бу ҳолатдан хабар топган Департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси, вилоят ИИБ, Шаҳрисабз тумани ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Асила Ачилова ва Амира Адилова Тоиров Тўлқинни Шаҳрисабз тумани “Лолистон” МФЙда жойлашган умумий овқатланиш шохобчасида харидорга 25.000.000 сўм эвазига сотаётганда қўлга олинди.
Ўйга толасан, киши она ўз жигаргўшасини пуллаш эвазига нимага эришмоқчи бўлган?! Энди она фарзанди вояга етганда унинг юзига қандай қарайди. Эл ичида қандай бош кўтариб юради. Бу саволларга, албатта, вақт ўз жавобини беради. Нима бўлгандаям ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг зийраклиги ва тезкор хатти-ҳаракати боис жиноятчилар “иссиқ излар”да қўлга олинди.