7 Январ 2023 йил 498

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим – Янги Ўзбекистонда устувор йўналиш”

Қашқадарё вилояти мусиқали ва драма театрида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим – Янги Ўзбекистонда устувор йўналиш” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари ҳамда Қарши ва Нишон туманлари ИИБлари ва Транспортда ХТБ шахсий таркиби, ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқитувчиси иштирок этди. Уни вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари подполковник Шермухаммад Муслимов очди.

Йиғилишда сўз олган  ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқитувчиси катта ўқитувчиси Ғолиб Худойқулов муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида якунига етаётган йилни сарҳисоб этиб, келгуси йилда мамлакатимизни тараққий эттиришнинг устувор йўналишларини белгилаб бердилар. Жумладан, мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши кераклигини, «Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат» деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга сингдиришимиз кераклигини алоҳида таъкидладилар.

Авваламбор, ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш, иккинчи йўналиш, Янги Ўзбекистонни «ижтимоий давлат» тамойили асосида қуриш, мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш келгуси йилда энг асосий вазифалардан бирига айланади. Жумладан, бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Ўқувчиларнинг мактабдан ўзбек тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқишига, уларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Тўртинчи йўналишга кўра табиатни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш келгуси йилда ҳар бир маҳалла аҳолисининг амалий ҳаракатига айланади. Жумладан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар янада кучайтирилади.

Бешинчи йўналиш, яъни эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муҳим вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, келгуси йилдан туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилади. Тадбиркорларга субсидия, кредитлар ва компенсациялар эса тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.

Хуллас, келгуси йилда республикамизни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари билан танишиб чиқар эканмиз, инсонга эътибор ва сифатли таълим энг устувор йўналиш эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Президентимиз: «Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг якка-ю ягона тўғри йўлидир», – дея таъкидлаганлари бежиз эмас.

Тадбирда вилоят мусиқали ва драма театри жамоаси томонидан  Гоголнинг “Телбанинг ёзмалари” номли асари асосида парадокс саҳналаштирилган тетар томошаси намойиш этилди.

Text to speech