Илмий-амалий анжуман
Қарши давлат университетида “Туркистон маърифатпарвар зиёлилар меросининг фан, адабиёт, маданият ҳамда маънавият тараққиётидаги ўрни”
мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Унда сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 31-август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида берилган консептуал фикрлар ва топшириқлари асосида ўтган асрнинг бошларида ва охирги чорагида қатағонга учраган миллат ўғлонларининг фаолияти ва аянчли тақдири хусусида сўз юритишди.
Бошқа соҳаларда бўлгани каби ички ишлар органларида ҳам қатағонга учраган ходимлар бор. Уларнинг фаолияти ва тақдири билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаштириш мақсадида ИИВнинг 2023 йил 27 декабрь кунидаги тегишли фармойишига асосан жойларда қатағон қурбонларига учраган ИИО ходимларини аниқлаш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари ташкил этилди.
Собиқ иттифоқ тузуми даврида 1937-1938-йиллар, 1940-1950-йиллар ва 1980-йиллар ўрталарида ноҳақ қатағон қилинган ички ишлар органлари ходимлари, уларнинг оила аъзолари ва фарзандлари тўғрисида маълумотлар тўпланиб, ўз вақтида бошқарма ва вазирлик ишчи гуруҳига тақдим этиб бориш учун тажрибали масъул ходимлар ажратилиб, Қатағон қурбони бўлган собиқ ички ишлар органлари ходимлари вилоят миқёсида номма-ном аниқланиб, аниқ рўйхатини шакллантирилди.
Ҳозирда вилоят ҳудудида ўтган асрнинг 80 йилларидан кейин ноҳақ қатағонга учраган уч нафар ИИО ходимлари - марҳум полковниклар Норбўтаев Хушвақт Норбўтаевич (Қашқадарё вилоят ИИБ бошлиғи), Дўстов Абдурашид Дўстович (Бухоро вилоят ИИБ бошлиғи) ва Очилов Тўра (Бухоро вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи)ларнинг яқин қариндошлари билан суҳбат ўтказилиб, дастлабки маълумотлар олинди.
Қатағон қилинган ходимларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар, ўша давр воқеаларини чуқур биладиган кишиларнинг хотиралари ёзиб олинди. Оилавий архив ва музейларда сақланаётган ҳужжатлар ўрганилиб, суратлари жамланди. Уларнинг оила аъзолари, фарзандлари ва яқин қариндошлари билан суҳбатлар ўтказилиб, мақола ва видео материаллар шаклида ИИВ Ишчи гуруҳига тақдим этилгани қайд этилди.
Бундан ташқари вилоят ИИБ ташаббуси билан Қарши давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи ходимлари билан ҳамкорликда 1876 йилда туғилган, Шаҳрисабз вилояти милиция бошлиғи лавозимида ишлаб Қатағонга учраган Исоқул ҳожи Неъматулло ўғлининг фаолиятига оид мақола ва маълумотлар ИИВ Ишчи гуруҳига тақдим этилди.
Ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан таёрланаётган китоб бўйича амалий ёрдам бериш бўйича ходимлар, ички ишлар органлари фахрийлари, тарихчи олимлардан иборат ишчи гуруҳ ноҳақ қатағонга учраган ички ишлар органлари ходимларининг номларини тиклаш ва ёш авлодга етказиш орқали уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада юксалтириш ҳамда Ички ишлар органларининг шонли тарихини асраб-авайлаш, соҳа ходимлари ва фахрийларнинг келгуси авлодларга намуна бўладиган жасоратини, ибрат намуналарини оммалаштириш мақсадида фаолият олиб бормоқда.