Ижарада истиқомат қилувчи ходимларга пул компенсациялари тўланди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 08 июнь кунидаги “Ички ишлар органлари ходимларини уй-жой билан таъминлаш ва яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғига биноан ички ишлар органлари ходимларнинг турар жой, маиший шароитларини янада яхшилаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда бу борадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 2021 йил 29 июнь кунидаги “Уй-жой маиший комиссия таркибини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи чиққанди. Мазкур буйруқ талабига биноан ижарада истиқомат қилувчи бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларига дастлабки пул компенсацияси тўлаб берилди.
Эндиликда ижарада яшовчи ички ишлар органлари ходимларининг турар жой учун ижара тўлови давлат бюджетидан қопланади. Шу маънода Қашқадарё ички ишлар бошқармасида тадбир ташкил этилиб, ижарада яшовчи соҳа вакилларига турар жой учун бир ойлик ижара пуллари топширилди. Тадбирда вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси раҳбарлари тизимда кечаётган ислоҳотлар, хусусан ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида атрофлича тўхталди.
Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг бу тахлитда қўллаб-қувватланиши соҳа вакилларининг фаолият самарадорлигини ошириши шубҳасиз. Йиғилишда ички ишлар органлари ходимларини уй-жой билан таъминлаш борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилаётгани билдирилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.