5 Сентябр 2022 йил 358

ИИВ Қашқадарё академик лицейида билимлар куни


ИИВ Қашқадарё академик лицейида билимлар куни муносабати билан вилоят ИИБ раҳбарияти, ота-оналар, лицей ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни бошқарма бошлиғининг ўринбосари полковник Олимжон Абдуллаев очиб, ўқув йили бошланиши муносабати билан лицей педагогик жамоаси, ўқувчилари ва янги қабул қилинган ўқувчиларни қутлади. Бу йилги ўқув жараёнида лицей ўқувчилари ИИВ ва бошқа олий таълим муассасаларига энг юқори баллар асосида қабул қилинганини таъкидлаб, амалдаги йилда ҳам ўқувчилар китобхонлик, билимлар беллашуви ва спорт соҳаларида янги марраларни забт этишига ишонч билдирди.
Тадбирда бошқарма Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Содиқ Исломов сўзга чиқиб, ички ишлар органлари хизмати ўта машаққатли ва шу билан бирга шарафли касб эканлигини, бу касб кишидан юксак сабот ва матонатни талаб этишини билдирди. Ўқувчилар дарс машғулотларини пухта ўзлаштириш билан бирга жисмоний чиниқиш учун мунтазам спорт билан шуғулланиш лозимлигини таъкидлади.
Ўқувчиларга дарс машғулотларини пухта ўзлаштириш, устозлар ўгитига амал қилган ҳар қандай ўқувчи кўзлаган мақсадига эришиши учун мамлакатимизда барча имкониятлар яратилган, - деди лицей директори подполковник Мирзохид Дўстёров.
Лицейни муваффақиятли битириб, ИИВ Академияси тингловчилари сафидан жой олган бир гуруҳ ўқувчиларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, фарзандлари соҳага бўлган қизиқиш туфайли мана шу таълим даргоҳида ўқиб, таҳсил олгани ва ўқитувчиларнинг берган билими туфайли нуфузли олийгоҳ талабаси бўлганини билдириб, лицей педагогик жамоасига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Тадбир якунида ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий чиқишдан сўнг тантанали марш садолари остида ўқувчилар дарс машғулотларига киришдилар.

Text to speech