6 Сентябр 2021 йил 464

ИИВ Қашқадарё академик лицейида билимлар куни кенг нишонланди


Барча жойларда бўлгани каби ИИВ Қашқадарё академик лицейида билимлар куни кенг нишонланди. Вилоят ИИБ, ота-оналар, лицей ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этган тадбирни бошқарма бошлиғининг ўринбосари полковник Х.Бозоров очиб, ўқув йили бошланиши муносабати билан лицей ўқитувчилари, ўқувчилари ва янги қабул қилинган ўқувчиларни қутлади. Ўқувчиларга ўқишларида омад тилади. Бу йилги ўқув жараёнида ҳам ўқувчилар китобхонлик, билимлар беллашуви ва спорт соҳаларида янги марраларни забт этишига ишонч билдирди.
Тадбирда сўз олган бошқарма Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник С.Исломов ички ишлар органлари хизмати ўта машаққатли ва шу билан бирга шарафли касб эканлигини, бу касб кишидан юксак сабот ва матонатни талаб этишини билдирди. Ўқувчилар дарс машғулотларини пухта ўзлаштириш билан бирга жисмоний чиниқиш учун мунтазам спорт билан шуғулланиши лозимлигини таъкидлади.
Лицейни муваффақиятли битириб, ИИВ Академияси тингловчилари сафидан жой олган бир гуруҳ ўқувчиларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, фарзандлари соҳага бўлган қизиқиш туфайли мана шу таълим даргоҳида ўқиб, таҳсил олгани ва ўқитувчиларнинг берган билими туфайли нуфузли олийгоҳ талабаси бўлганини билдирди. Ўқувчиларга дарс машғулотларини пухта ўзлаштириш, устозлар ўгитига амал қилган ҳар қандай ўқувчи кўзлаган мақсадига эришиши учун мамлакатимизда барча имкониятлар яратилганини эътироф этди.
Тадбир якунида биринчи қўнғироқ чалиниб, ўқувчилар дарс машғулотларига киришди.

Text to speech