ИИВ кубоги ғолиблари аниқланди
Ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини оширишда спортнинг аҳамияти катта. Шу мақсадда Ички ишлар вазирининг 2024 йил 05 сентябрь кунидаги “Ички ишлар органларининг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари терма жамоалари ўртасида спортнинг қўл жанги тури бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақасини ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига асосан, уч кун давом этган мусобақаларда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган ички ишлар органларининг спортчилари саккиз вазн тоифасида ўзаро беллашдилар.
Қарши шаҳридаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси спорт саройида бўлиб ўтган мусобақалар қизғин ва муросасиз баҳсларга бой кечди.
Адолатли ҳакамлар ҳайъати, яратилган қулай шарт-шароитлар мусобақанинг янада қизиқарли ва шиддат билан ўтишига замин ҳозирлади.
Муросасиз ўтган баҳсларнинг финал босқичларини мухлислар катта қизиқиш билан томоша қилишди.
Кучлилар ва тажрибалиларга ғалаба насиб этган спорт мусобақасининг шахсий биринчиллик баҳсларида Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси ходими 57 килограм вазн тоифасида Журабаев Худойберди, Навоий вилоят ички ишлар бошқармаси ходими 62 килограм вазн тоифасида Мардонов Исломбек, Самарканд вилоят ички ишлар бошқармаси ходими 67 килограм вазн тоифасида Нормурододов Ориф, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ходими 80 килограм вазн тоифасида Хужамбердиев Дилмурод, Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси ходими 88 килограм вазн тоифасида Тураев Хасан, ва Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар бошқармаси ходими 97 килограм вазн тоифасида Очилов Бехруз ва Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси ходими +97 килограм вазн тоифасида Мўминов Шахбоз ғолибликни қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида эса фахрли 1-ўринни Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси жамоаси банд этди. Навбатдаги совринли ўринлар Жиззах вилоят бошқармаси ва Қашқадарё ва Навоий жамоаларига насиб этди.
Ғолиб полвонлар ва жамоалар Ички ишлар вазирлигининг кубоги, дипломлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.