ИИВ АКАДЕМИЯСИ БОШЛИҒИ ҚАРШИ ШАҲРИДАГИ МАҲАЛЛАРДА ЎРГАНИШ ИШЛАРИНИ ОЛИБ БОРДИ
Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғи полковник Рустам Хатамов Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қарши шаҳридаги 2-секторга қарашли Ғафур Ғулом номли маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.
Полковник Рустам Хатамов ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинланган фуқаро ва маҳалла фаоллари, оқсоқоллари ва фахрийлари билан учрашиб, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг эрта аниқлаб олдини олиш, криминоген вазият кўрсаткичи бўйича “қизил” ҳудудга киритилган маҳаллани “яшил” ҳудудга айлантириш, бунинг учун сектор раҳбарларидан тортиб профилактика инспекторлари ва маҳалла мутасаддиларининг масъулиятини ошириш лозимлиги қайд этди. Ҳудудда “маҳаллабай”, “фуқаробай” усулида ишларни ташкил этишда аҳамият қаратиш лозим бўлган жиҳатларга фаоллар эътиборини қаратди. Маҳаллада фаолият кўрсатаётган профилактика инспектори томонидан ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш ва рўй берганларини фош этиш борасида амалга ошириб келинаётган ишларни таҳлил этди. Жиноятларни жиловлашнинг содда ва самарали тизимини жорий этиш борасида ўз таклифларини берди. Шу билан бирга “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни иш ва бандлигини таъминлаш, ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш ва самарадорлигин ошириш бўйича тегишли тавсиялар берди.
3-сектор оталиғига олинган Қарши шаҳридаги 44-мактабда бўлган ИИВ Академияси бошлиғи полковник Рустам Хатамов таълим муассасасида ўқувчиларга яратилган шарт-шароит ва имкониятлар, айниқса, мактабда ташкил этилган йўл ҳаракати хавфсизлиги синфи ва ундаги кўргазмали жиҳозларни кўздан кечириб, ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидалари бўйича берилаётган дарс ва амалий машғулотларга юқори баҳо берди. Ташриф доирасида мактаб ўқувчилари билан савол-жавоб қилган полковник Рустам Хатамов дарс машғулотлари ва фан сирларини пухта ўзлаштирган ўқувчиларга китоблар совға қилди.
Айниқса, шаҳарнинг 3-секторига Қаршли “Отчопар” маҳалла фуқаролар йиғинига кириш жойида жойлашган бошқарма патрул пост хизматининг тунги вақтда хизмат кўрсатувчи 102 хизматининг ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни аниқлашга мослаштирилган видеокузатув масканида бўлган полковник Рустам Хатамов қонунбузарликларни жиловлаш борасидаги имкониятлари билан танишди. Ўрнатилган видеокамералар огоҳлантирувчи СОС сигналларига қараб ўз мувозанатини 360 градусгача айланиб, бир ярим километргача бўлган узокликдаги жараёнларни тўлиқ ва тиниқ тасвирга олиб, хотирасига жойлашини эътироф этиб ўтди.
Қарши шаҳридаги Хонтепа маҳалласида жойлашган 1-сонли ҳуқуқ-тартибот масканида бўлган меҳмон фуқаролар хавфсизлиги ва осойишталиги, маҳаллада жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш борасида яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлардан унумли фойдаланиш борасида тегишли йўриқнома берди.
Ташрифнинг сўнгги куни вилоят ИИБда ўрганишлар натижасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Уни вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Сатволдиев очди ва бошқариб борди. Йиғилишда ИИВ Академияси бошлиғи полковник Р. Хатамов сўзга чиқиб, воҳада ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган жиҳатларга тўхталди. Сўнгра, Қарши шаҳар Ғафур Ғулом номли маҳалласида амалга оширилган ўрганишлар ҳосиласи сифатида тайёрланган “Ҳуқуқбузарликлар профилатикаси ва жиноятчиликни жиловлаш бўйича “фуқаробай” ишлаш методикаси” қўлланмасининг тақдимоти бўлиб ўтди.