11 Декабр 2024 йил 830

ИИБ бошлиғи Помуқда жиноятчиликни жиловлаш ва содир этилган ҳуқуқбузарликлар муҳокамаси юзасида аҳоли билан учрашди

Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш дастурларининг ижроси ҳамда жиноятларнинг олдини олиш борасида Помуқ шаҳарчаси “Гулобод” маҳалласида аҳоли билан учрашув бўлиб ўтди. Дастлаб, туман ИИБ – 3-сектор раҳбари Ғайрат Хайдаров ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш масаласи ҳам давлат сиёсати даражасида эканлигини қайд этиб, ҳудудда жиноятчиликка қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга маҳаллий ҳокимлик ва бошқа мутасадди идоралар зиммасига муҳим вазифалар юклангани, бунда жамоатчилик кўмаги ҳам муҳим эканлигини таъкидлади. “Ўтказилаётган профилактика ишларига қарамай ҳудудда ҳуқуқбузарликлар учраётгани афсусланарли”, деган сектор раҳбари. Бунга мисол қилиб, жорий йилнинг 24-ноябрь куни “Дўстлик” маҳалласида яшовчи 25 ёшли фуқаро маълум бир масалада “Гулобод” маҳалласида яшовчи 27 ёшли фуқаро билан жанжал қилиб, мушти орқали берган зарбаси натижасида унинг жағ суяги синишига олиб келиб, мазкур иш юзасидан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган.

Тадбир якунида фуқаролар томонидан жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, эзгу ва бунёдкорлик ташаббуслари чиқишини, шундай ишлар амалга оширилишини таъминлаш учун барча бирдек ҳаракатда бўлиши лозимлиги таъкидланган.

Text to speech