28 Август 2021 йил 691

Чироқчи туманида содир этилган ичкилик оқибати вужудга келган жиноят муҳокамси бўлиб ўтди

 

Чироқчи туманида шу йил 24 августидан 25 август кунига ўтар кечаси соат тахминан 24:00ларда ота ва бола ўртасидаги жанжал ўлим билан тугагани ҳақидаги мудҳиш хабар тергов-тезкор гуруҳи аъзоларини воқеа жойига йўналтирди. Воқеа жойи - туманнинг Тарағай маҳалласига эртаси куни эрталаб етиб борган ички ишлар органлари ходимлари ота бўлмиш Абдизоидни Чироқчи тумани ички ишлар бошқармасига келтиришди.

Яқинда содир этилган мудҳиш жиноятни юзага келтирувчи шарт-шароитлар ва омилларни таҳлил этиш, келгусида бу каби салбий оқибатли воқеа-ҳодисаларни олдини олиш мақсадида Чироқчи тумани Тарағай МФЙда жойлашган мактабда вилоят ички ишлар бошқармаси, туман ҳокимлиги, туман Ички ишлар бошқамаси, 4-сектор ишчи гуруҳи ҳамда оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, ҳамда маҳалла фаоллари ва марҳумнинг яқин қариндошлари иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.       

Спиртли ичимликка рўжу қўйиш, оилавий муносабатларига енгил-елпи, турмуш ташвишларига юзаки қараш оқибатида юз берган жиноят юзасидан атрофлича фикр юритган Чироқчи туман Ички ишлар бошқамаси бошлиғи полковник Актамали Бешимқулов муқаддам икки марта судланган ота Абдизоиднинг ҳаёт тарзи ва юриш-туришидан наҳотки маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва қариндошлар бехабарлигига алоҳида тўхталди.

Ёши бир жойни қоралаб қолган Абдизоид муттасил равишда ўғли билан  “оила боқишга номуносибсан” деб тортишиб келган. Натижада ўртада жанжал чиқиб, ота темир бўлаги билан ўғлини аёвсиз калтаклаган. Олган оғир зарбалари туфайли Абдивохид  вафот этган.  

Ўйлаб кўрилса, ёшлар томонидан содир этилган жиноятларга ёшлик қилибдида деймиз. Ёши бир жойни қоралаб қолган бу одамнинг хатти-ҳаракатини қандай изоҳлаш мумкин?! Жойларда одамларнинг кундалик ташвиши ва дарду муаммолари билан шуғулланиши лозим бўлган маҳалла раҳбарияти, оқсоқоллар, қўни-қўшни қолаверса, кайвонилар, қариндош-уруғлар қаёққа “қарагани” бугун номаълум. Ота-боланинг уйда кунора ёки муттасил бўлиб келган жанжалидан қариндошларнинг хабари бўлган. Фақат уни инсофга, ота-болани муросага чақириш ишлари номигагина ёки бўлмаса умуман амалга оширилмаган. Натижада бола ҳам ота сингари ароққа рўжу қўйган. Оқибат эса отани жиноятчи деган тамғани олишга ва эл аро юзи шувит бўлишга олиб келди.

Халқимизда сўнгги пушаймон ўзингга душман, деган нақл бор. Ота Абдизоид қилган қилмишидан пушаймон бўлиб, келгусида аччиқ қисмат, қариндош-уруғлар олдида юзи шувит бўлди. Лекин сўнгги пушаймондан энди фойда йўқ.

Text to speech