Ички ишлар вазири ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Шаҳрисабз шаҳар, Яккабоғ, Шахрисазб, Китоб туманлари ички ишлар бўлимлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди
Аввал хабар берганимиздек, Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий - маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи генерал-майор Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ бугун Шаҳрисабз шаҳар ва Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб туманлари ички ишлар бўлимларида жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш орқали хавфсиз муҳитни ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг муаммоларини ҳал этиш ҳамда “ижтимоий профилактика” тизимининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида ўрганишлар олиб борди.
Ҳудудий ички ишлар органларида бўлган вазир ўринбосари аввало, маъмурий бинода ходимлар ва аҳолига яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммоларга эътибор қаратди.
Ҳудудни ободонлаштириш, хизмат хоналарини ахборот технологиялари билан жиҳозланиши, фуқаролар қабули учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди.
Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ходимларнинг интеллектуал салоҳияти, касбий маҳоратини юксалтириш, “ходимбай” ишлаш давомида шахсий таркибнинг оилавий ва бошқа муаммоларини ўрганиб, учраётган муаммоларини бартараф этиш хусусида тегишли тавсиялар берилди.
Ходимлар билан самимий мулоқот давомида ҳар бир ички ишлар органлари ходимининг белгиланган хизмат интизомига ҳамда қонунийликка амал қилиши, фуқаролар билан хушмумомалада бўлиши “Янги Ўзбекистон - янги ички ишлар органлари” тизимини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Ички ишлар вазири ўринбосари Шаҳрисабз туман ИИБда бўлим ЖХХ ҲПБ ХҚМБ катта инспектори, подполковник Мохигул Кенжаева билан суҳбатлашди. Катта инспекторнинг туманда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан амалга ошираётган ишлари, аёллар бандлигини таъминлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид фаолияти ва келгуси режалари ҳақидаги фикрларини тинглади. Унинг касбий фаолияти ва интеллектуал салоҳиятини юқори баҳолади.
Ўрганишлар давомида шаҳар ва туманларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилган ишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар бирма бир таҳлил қилиниб, масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Вазир ўринбосари Китоб туманидаги “Пахтаобод” маҳалласига хизмат кўрсатувчи бўлим ЖХХ ҲПБ 56/5-сонли таянч пунктига ташриф буюриб, бешлик билан суҳбатлашди. Мулоқот давомида маҳаллада жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш, осойишталикни таъминлаш, аҳоли билан “хонадонбай” ишларни амалга оширишда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг муаммоларини ҳал этиш ҳамда “ижтимоий профилактика” тизими доирасида амалга оширилган ишларни таҳлил этди.
Сўнгра, профилактика инспектори, катта лейтенант Йигитали Ғаниевнинг хизмат уйида бўлиб, яшаш учун оилавий шарт-шароити, давлат рамзлари ўрнатилганлиги, ҳовлидаги ободончилик ишларини кўздан кечирди.
Вазир ўринбосарининг вилоят бўйлаб ўрганишлари давом этмоқда.