17 Декабр 2024 йил 499

Қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш ҳамда маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар олиб борилди

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан, Қашқадарё вилоятида фуқаролар осойишталигини таъминлаш, криминоген вазиятни жиловлаш, қиш мавсумида аҳолига электр, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир  етказиб бериш ҳамда бунга масъул идора ва ташкилотлар вакилларининг масъулиятини оширишга қаратилган тадбирлар жадал амалга оширилмоқда.

Яқинда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Абдувохид Исмоилов соҳа масъуллари ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг мутасаддилари билан Қарши шаҳридаги имконияти чекланган болалар мактаби, кўп қаватли уйларни иссиқлик билан таъминловчи қозонхона, Қарши давлат университетининг иситиш тизимини ўрганди.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчилликларни тез ва сифатли бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Қарши шаҳар электр тармоқлари корхонасида бўлган ишчи гуруҳ аҳолини электр энергия билан барқарор таъминлаш бўйича  чора-тадбирлар режаси билан танишиб, фаолиятда учрайдиган носозликларни тезда бартараф этиш юзасидан сменадаги масъул ходимларга тавсиялар берилди.

Шу билан бирга шаҳардаги одамлар кўп тўпланадиган жойлар, кўп қаватли уйлар, жамоат жойларида видео-кузатув қамровини ошириш, криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, профилактика инспекторлари томонидан аҳоли муаммоларни ўрганиш ҳамда бартараф этиш бўйича “маҳалла еттилиги” билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш масъулллар зиммасига юкланди.

Куну тун ҳар қандай вазиятда кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш борасида куч ва воситаларни тўғри йўналтириш, жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш, содир этилганларини фош этиш борасида масъулларга топшириқлар берди.

Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари вилоят бўйлаб давом этмоқда.

Text to speech