ХОТИРА АБАДИЙ – ҚАДР МУҚАДДАС
ХОТИРА АБАДИЙ – ҚАДР МУҚАДДАС
9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Қашқадарё вилояти ИИБ Хотира монументида тадбир бўлиб ўтди. Унда бошқарма раҳбарияти, соҳавий хизматлар ходимлари, фахрийлар ва хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этган ходимларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Завқиддин Хўжанов очиб, юртимизда мана бир неча йилдирки, 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонлаб келинаётганини, бунга халқимизнинг мард ўғлонлари иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, фашизм балосини ер юзидан супуриб ташлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганини таъкидлаб ўтди. Жумладан, вилоят ички ишлар органларининг 97 нафар ходими ҳам жангларда иштирок этган. Уларнинг айримлари жанггоҳларда ҳалок бўлган бўлса, баъзилари ногирон, бир қисми эса урушдан қайтиб келиб ички ишлар органларида узоқ йиллар эл осойишталиги йўлида самарали хизмат қилдилар. Ҳамон орамизда қанчадан қанча машъум уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилиб машаққат чеккан отахон ва онахонларимз бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларни қадрлаш, уларга ҳурмат эҳтиром кўрсатиш бугунги ёш авлоднинг вазифаси.
- Худди шу қаторда ички ишлар органларида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, эл осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш йўлида самарали хизмат қилиб бор билими ва тажрибасини ишга солиб кези келганда жонини фидо этган соҳа фидойиларини ҳам хотирасини ёд этиш ҳам фарз, ҳам қарз, - деди тадбирда бошқарма Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник С.Исломов. – Вилоят ИИБнинг Хотира монументида номлари битилган мана бу ўғлонлар ҳам том маънода ўзидан ўчмас из қолдирди, десак муболаға эмас. Чунки мардлик ва фидойилик намунасини кўрсатиб, кези келганда ҳаётини хавф-хатарга қўйган бу ўғлонлар том маънода мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, осойишта турмушга замин ҳозирлаш учун жонидан кечди. Мардлиги ва матонати, олижаноблиги, қаҳрамонлиги билан халқимиз тарихи саҳифаларига битилган бу ўғлонлар хотираси барчамизнинг қалбимизда абадий сақланади.
Тадбирда хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига ҳурмат эҳтиром кўрсатилди. Уларнинг хотираси абадийлаштирилиб, жасорати ёш авлодларга етказилаётгани бу ўз навбатида ёшларда ватанпарварлик ҳиссини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ички ишлар органларида хизмат қилган бу қаҳрамонларнинг кўрсатган жасорати ва мардлиги барча учун ибрат маёғи. Қаҳрамонларнинг ёрқин хотираси мангу барҳаётдир.