Хивага саёҳат
Қашқадарё вилояти ИИБ ходимларининг маънавий-маърифий билимларини ошириш, миллий тарихимизни ўрганиш, дунёқарашини бойитиш мақсадида бошқарма раҳбарияти ва Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан соҳавий хизматларнинг бир гуруҳ ходимлари Хоразм вилоятига саёҳат уюштиришди. Икки кун давом этган саёҳатда ходимлар биринчи куни Урганч шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, маъданий маърифий марказлари билан танишдилар. Хусусан, Хоразм тарихида мард ва жасурлиги билан ўчмас из қолдирган, шаҳарнинг истироҳат боғида ҳайкали ўрнатилган шаҳзода Жалолиддин Мангуберди, Авесто ёдгорлиги мажмуасини томоша қилишди.
Саёҳатнинг иккинчи куни эса нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун жаҳонда Хива “Ичан Қалъа” музей-қўриқхонаси номи билан 1990 йил 12 декабрда жаҳон маданий мероси ЮНЕСКО ташкилоти рўйхатига кирган, қадимдан то бугунги кунгача бўлган Хоразм тарихи, маданияти, амалий санъати, ҳунармандчилиги ва адабиётини ўзида жо этган, 53 та тарихий маданий ёдгорликни ўз ичига олган мажмуада бўлишди.
Саёҳатчилар “Ичан Қалъа” музей-қўриқхонаси бошловчилари ҳамроҳлигида мозийда ўзига хос тамаддун, илм-фан ва маданият маркази бўлган Хоразмшоҳлар пойтахти - Хива шаҳрининг юзага келиш тарихи ва асослари билан танишдилар. Тарихда шаҳарнинг ободончилиги, мадраса ва масжидлар, карвонсаройлар ва бошқа тарихий биноларнинг қурилиши, услуб ва андозалари ҳақида иштирокчиларга атрофлича тушунчалар берилди.
Тарих силсиласидан бизгача етиб келган, авлодларимизнинг ақлу-закоси ила бунёд этилган бундай муҳташам ва салобатли меъморий ёдгорликлар мустақиллик туфайли яна сайқалланибди, - дейди вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бош инспектори майор Хабибулла Мухаммадиев. – Мажмуанинг айрим қисмлари мустақиллик йилларида қайта таъмирланиб, чиройли манзара кашф этган. Шу боис бу масканлар ҳамиша меҳмонлар ва зиёратчилар билан гавжум.
Саёҳатчилар шаҳардаги мажмуалар ҳақида қимматли маълумотлар билан бирга ғаройиб таассуротга эга ҳам эга бўлишди.