ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛ ВА УСТУВОР ВАЗИФАЛАР ФАОЛИЯТ САМАРАДОРЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Қашқадарё вилояти ИИБда жорий йилнинг январ ва февраль ойининг ўн кунлиги якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бошқарма соҳавий хизматлари раҳбарлари, шаҳар ва туман ИИБ бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, тезкор хизмат вакиллари иштирок этди. Йиғилишни вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Ш.Сатволидиев очди.
Бошқарма бошлиғи ўз сўзида ўтган ойда вилоятда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни “иссиқ излар”да фош этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар идоралари ходимлари томонидан амалга оширилган ишларни атрофлича таҳлил қилди. Ички ишлар идоралари ходимларининг фаолият давомида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, воҳада жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш ва илдизига болта уриш ва унга қарши кураш, содир этилганларини изи совумай фош этиш, қонунбузарликларга барҳам бериш, жамоат ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. Бунда жиноятларни фош этишда тезкор ва соҳавий хизматлар ходимларининг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини янада кучайтириш лозимлигини иштирокчиларга уқтирди.
Ички ишлар органлари ходимлари ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлашда кенг жамоатчилик, айниқса, маҳаллий ҳокимликлар, қишлоқ, маҳалла фаоллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозим. Ушбу жараёнда огоҳликни янада кенгроқ тарғиб этиб, ёшларни гиёҳвандлик ва бошқа турли иллатлар домига тушиб қолишининг олдини олиш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар бўйича соҳавий хизматлар раҳбарлари вазифадор этилиб, масъулияти оширилди.
Қарши шаҳрини жиноятчиликдан холи “хавфсиз ҳудуд”га айлантириш, ҳар бир маъмурий ҳудудни маҳаллабай кесимида қамровга олиш, жиноят содир этилишига йўл қўймаслик учун аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини бойитиш, ўз мулкига бўлган эътиборини ошириш, ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларини олдини олиш борасида профилактик ишларини кучайтириш лозимлиги бўйича сектор раҳбарлари олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Кенгайтирилган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ошкора муҳокама этилиб, кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.