27 Январ 2021 йил 795

ҲАЁТГА ЕНГИЛ ҚАРАШНИНГ ОҚИБАТИ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони аҳолининг энг қўйи қатламларини ҳам қамровга олиб, турмуш тарзини яхшилаш, уларни қийнаётган кундалик ва маиший муаммоларни бартараф этиш, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга қаратилган. Бунга вилоятда сектор раҳбарлари бошчилигида амалга оширилаётган ишлар, банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилиб, ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини келтириш ўринли. Берилган имкониятдан оқилона фойдаланиб, Ватан равнақи, юрт фаровонлиги ва ободлиги йўлида меҳнат қилаётган, кези келганда тенгқурларини иш билан таъминлаётган шижоатли ёшлар орамизда кўпчилик. Аммо тўқликка шўхлик ёки бел оғритмай кун кечиришни ният қилиб, ўзгаларга озор етказишданда тап тортмай билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолаётган ёшлар ҳам орамизда оз бўлса-да учраб турибди. Жумладан, шу йил 17 январ куни соат 17-18лар атрофида Шаҳрисабз тумани “Танхоз” МФЙда яшовчи С.С. “Шаҳрисабз-Чироқчи” автойўлида уйига кетиш учун йўловчи “Нексия-2” русумли автомашинага ўтириб, манзилга жўнайди. Йўлда С.С.  қўл телефонидан танишига қўнғироқ қилмоқчи бўлганида тиббий ниқобда орқада ўтирган йўловчилардан бири унинг қўл телефонини тортиб олади. Бу камлик қилганидек, эгнидаги курткаси ва чўнтагидаги 240 минг сўм пулларни олиб, ўзини “Яккабоғ-Шаҳрисабз” автойўлида автомашинадан мажбурлаб туширганча жўфтакни ростлайди. 

Мазкур талончилик юзасидан вилоят ИИБ ЖҚБ, Чироқчи туман ИИОФМБ ва Шаҳрисабз туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирувлар натижасида бу жиноятни “Нексия-2”га йўловчи сифатида чиққан Чироқчи тумани “Кўкдала” МФЙда яшовчи, ҳали йигирма ёшга ҳам тўлмаган ҳамқишлоқлар Ж.Э., А.Д. ва Х.Д.лар содир этгани маълум бўлди. Талончилардан жабрланувчининг курткаси ва “Redmi-8 русумли телефон далилий ашё сифатида олинади.

 Яқинда талончиликка қўл урган “шоввозлар” яшовчи Чироқчи туман “Кўкдала” МФЙда жиноятни юзага келтирувчи шарт-шароит ва омиллар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев, Чироқчи туман ИИОФМБ ва прокуратураси, мутасадди идоралар вакиллари, “Кўкдала” МФЙ оқсоқоллари, фаоллар, жиноятга қўл урган ёшларнинг ота-оналари иштирок этди. Уни вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев очиб, содир этилган жиноятни юзага келиш омилларини илмий ёндошувлар асосида таҳлил қилди.

Бола ота-онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Ота-онанинг маҳалла-куйнинг тарбиядаги нуқсонлари, камчиликлари оқибати бу. Ҳаётга енгил қараш, уйда болани тергаш, нима ишлар билан машғуллигига қизиқмаслик, кимлар билан юрганини суриштирмаслик мана шундай салбий ҳолатни келиб чиқишининг бош сабабидир. Қолаверса, маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, кайвонилар бу ёшларнинг бекорчи ёки бирор иш билан машғуллигини бирров суриштирганида, уларни бандлигини таъминлаш чораларини кўрганида эҳтимол бу жиноят содир этилишининг олди олинган бўларди. Бундан кўринадики, айрим мутасаддилар ўз иш фаолиятини қайта кўриб чиқиши, маҳаллада ишсиз ёшларни рўйхатини шакллантириши, ёшларни мурожаатини кутиш эмас, аксинча уни бандлигини таъминлаш чораларини кўриши лозим. Ана шунда юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олиниб, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятнинг барвақт олди олиниши ҳақида мутасаддиларга таклиф ва тавсиялар берди.

Тадбирда мутасадди идоралар раҳбарлари вазифадор этилиб, ёшлар ўртасида  жиноят содир этилишини олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар кучайтирилиши лозимлиги уқтирилди.

Text to speech