12 Август 2021 йил 516

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири туради

Ёшлар билан яқиндан мулоқот қилиб, уларнинг дарду ташвишлари, маиший ва кундалик турмушида учраётган муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бугун раҳбарларнинг кундалик фаолиятига айланган. Шу мақсадда яқинда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи 3-сектор раҳбари полковник Ш.Сатволдиев Нишон тумани 2-сектор штабида ёшлар сайёр қабул ўтказди. Қабулда туманда истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Юртимизда ёшларни турмушида учраётган муаммоларни ўрганиб, бартараф этиш биринчидан, жамият тараққиётини жадаллаштиришга хизмат қилса, иккинчидан фуқароларнинг бунёдкорлик салоҳиятини юксалтиради. Ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялашда ҳам бу тадбирларнинг аҳамияти катта. Айниқса, йиқилганни суяш, чорасиз инсонларга кўмак бериш азалий қадриятлардан ҳисобланади.
Сайёр қабулда иштирок этган ёшларнинг 15 нафари ишга жойлашиш, ўзини ўзи банд этиш, ер бўлса такрорий экин экиш каби мавзуларда мурожаатларини билдиришди. Мурожаатларнинг 2 таси жойида ҳал этилди. Қолганлари вақт ва маблағ талаб этиши инобатга олиниб, тегишли сектор раҳбарларига топшириқлар берилди. Ушбу жараёнда ўзини ўзи банд этиш таклифи билан чиққан 11 нафар ёшларга иш қуроллари тарқатилди.
Бошқарма бошлиғи ёшлар билан яқиндан мулоқот қилиб уларни қийнаётган муаммоларга эътибор қаратди. Суҳбат жараёнида туманда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар орасида 22 нафар моддий ёрдамга муҳтожлар борлиги аниқланди. Уларнинг ҳар бирига 500 000 сўмдан моддий ёрдам пуллари берилди.
Кўлами кенг сайёр қабул якунида спортда юқори натижаларни қўлга киритган бир гуруҳ ёшлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Text to speech