“Глобаллашув жараёнида ёшлар маънавияти”
Қашқадарё вилояти ИИБда “Глобаллашув жараёнида ёшлар маънавияти” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари, Қарши Халқаро инновацион университети ўқитувчиси иштирок этди. Уни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Талат Маматкулов очди.
Тадбирда Халқаро инновацион университети ўқитувчиси, доцент
Зохид Боймуродов сўзга чиқиб, ҳозирда мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан
кўпроғини ёшлар ташкил этишини таъкидлади. Айни даврда маънавий-маърифий
ишларни жадаллаштириш, таълим-тарбия соҳасини ислоҳ этиш, ёшларимизни замонавий
билимларни пухта эгаллаган юксак ақл-заковат соҳиби этиб вояга етказиш
давлатимизнинг устувор вазифаларидан биридир. Бироқ халқимизнинг ўзига хос ва
мос миллий қадриятларга асосланган тарбия борасидаги азалий анъаналарига,
айниқса, ёшлар тарбиясига «оммавий маданият», менталитетимизга ёт ғоя ва
қарашлар соя солаётгани ҳам ҳеч биримизга сир эмас. Ушбу жараёнда тарбия
масаласига ўз вақтида жиддий эътибор қаратиш, бу борада маърифатпарвар бобомиз
Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё
саодат – ё фалокат масаласидир» деган пурмаъно сўзларини асло унутмаслигимиз
лозим.
Тан олиш керакки, бугунги глобаллашув жараёни
менталитетимизга ёт ғоялар, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги ранг-баранг
кўнгилочар шоу-томошалар, ўйинлар, бир сўз билан айтганда, турли «маҳсулот»лар
юртимизга оммавий тарзда кириб келаётгани бор гап. Бунда яна бир очиқ ва аччиқ
ҳақиқат шуки, ҳозирда аксарият ёшларимизнинг бўш вақтини телефонда ўйин
ўйнашга, фильм томоша қилишга сарфламоқда.
Тан олишимиз керак, ёшларимизнинг уяли телефонга асир бўлиб
бораётгани, интернет ва ижтимоий тармоқлардан, улардаги маълумотлардан оқилона
фойдаланишлари борасида жиддий ўйлаб кўришимиз керак бўлган жиҳатлар талайгина.
Бу, энг аввало, уларнинг саломатлигига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатади.
Айниқса, охирги вақтларда интернет тармоқларида алдов ва ғаразли мақсадлар
йўлида тарқатилаётган турли ахборот ва маълумотлар домига ёшлар осонгина кириб
кетмоқда.
Ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, уларда юриш-туриш одоби,
мулоқот ва кийиниш маданиятида меёрни сақлай билиш кўникмасини ҳосил қилиш учун
миллийлик билан замонавийлик уйғунлигини таъминлашимиз шарт. Бу борада ижобий
натижага эришиш учун нафақат педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ёшлар билан
ишловчи ташкилотлар, балки кенг жамоатчилик ҳамкорликда иш олиб бориши,
хусусан, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Айниқса,
маҳаллаларда, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ота-онанинг
фарзанд тарбиясига, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга бўлган
эътибори ва масъулиятини ошириш, ўсиб келаётган авлод онгу шуурида ҳеч қандай
ғоявий бўшлиққа жой қолдирмасликка алоҳида эътибор қаратиш керак.
Айни глобаллашув даврида ёшларнинг маънавияти уларнинг
олдига қўйган ва қўяётган мақсадлари сари пухта йўналтирилганига боғлиқ. Бунда
идрок кўникмаларини ҳосил қилиш, инсон туғилганидан то шахс сифатида
шакллангунича давом этишини инобатга олсак, мафкуравий иммунитет ниҳоятда муҳим
жиҳат.
Якунда бошқарма ТҚХ ТҚКБ бўлим бошлиғи маёр Ф.Мухаммадиевнинг ҳафта мобайнида дунёдаги ижтимоий-сиёсий вазият борасидаги маърузаси тингланди.