5 Феврал 2021 йил 980

ГИЁҲВАНДЛИК - АСР ВАБОСИ

 

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида “Ёшлар ўртасида гиёҳванд моддалари тарқалишининг олдини олиш” ойлиги доирасида “Гиёҳвандлик -  аср вабоси” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ, ДХХ ва ОИТС маркази ходимлари ва университет ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди. Тадбирни университет бўлим бошлиғи K.Сафаров очди.

Бугун бутун дунё халқларини жиддий ташвишга солаётган бу иллат маллат ва сарҳад нелигини билмай инсонларни ўз домига тортмоқда. Натижада айрим иродаси бўш, иймон-эътиқоди суст кишилар, айниқса, ёшлар тўғри йўлдан адашиб гиёҳвандликка рўжу қўймоқда. Энг ачинарлиси, айрим шахслар бу заҳри қотилни истеъмол қилишдан ташқари ундан моддий даромад орттириш мақсадида сотиш билан шуғулланиши аянчли ҳол. Негаки, бугун даромад орттириш илинжида пуллаган заҳри қотил эртага ўша одамнинг ўз боласини домига тортмаслигига ким кафолат беради.

Тажрибалардан маълумки, гиёҳвандлик касалига мубтало бўлганларнинг кўпида аввало ўзига, сўнг оиласига, касбига ёки ўқишига нисбатан қизиқиши, бефарқлик, локайдлик кучаяди. Оддий қилиб айтганда, гиёҳвандлик бу бевақт ўлим, жуда катта моддий ва маънавий фожеа ҳисобланади, - деди вилоят ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили подполковник С.Усмонов. - Мафкуравий хуружлар авж олган даврда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан бирга қалбида Ватан туйғуси жўш урган ҳар бир инсон ушбу салбий иллатларга бефарқ қарамаслиги, бунинг учун катталар ва ёшлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим.

Гиёҳвандлик ортидан келиб чиқадиган ОИТС инфекцияси кўпинча тартибсиз жинсий ҳаёт кечириш, санитария гигиена қоидаларига риоя қилмаслик ва фуқароларнинг тиббий маданияти ва билимининг етарли даражада бўлмаганлиги сабабли юзага келишини, касалликни даволагандан кўра олдини олган мақсадга мувофиқлиги мутахассислар томонидан иштирокчиларга тушунтирилди.

Тадбир давомида талаба-ёшларга мавзуга оид хужжатли фильм намойиш этилди.

Якунда эса талаба ёшлар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Text to speech