Гиёҳвандликка қарши биргаликда курашамиз!
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан, жорий
йилнинг 1-февраль кунидан 1-март кунига қадар республикамизда “Ёшлар ўртасида
гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишини олдини олиш” ойлиги
эълон қилинган. Ёшлар ўртасида бу иллатларга кескин ва муросасиз кураш олиб
бориш мақсадида таълим муассасаларида қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан,
бугун Қарши давлат университетида ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари,
психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи препаратларнинг суистеъмоли
ҳамда ноқонуний айланиши билан боғлиқ
холатларнинг олдини олиш, шунингдек, ОИТСга қарши кураш бўйича давра суҳбати,
маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ИИБ ходимлари, капитан Ш.Шаропов, катта
лейтенант М.Баширов, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази олий тоифали шифокори
Дилфуза Турабова, ректор маслаҳатчиси А.Жўраев, университет профилактика
инспектори М.Жаббаров, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Учрашувда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар инсон соғлиғи ва
хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши, жамиятнинг иқтисодий ва маънавий негизига
салбий таъсир кўрсатиши, кўпинча у уюшган жиноятчилик билан узвий боғлиқ бўлиши
унинг ижтимоий хавфлилигини янада ошириши, айниқса, мазкур гиёҳвандлик
воситаларидан жабр кўрувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этаётганлиги
тўғрисида маърузалар тингланди. Ёшларга гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари
ҳақида асослантирилган тушунчалар етказилиб, уларда гиёҳвандликка қарши
муросасизлик ҳиссини янада ривожлантиришга оид видеофильмлар намойиш этилди.
Тадбир мунозараларга бой тарзда ўтиб, йиғилганлар мавзу юзасидан кенг
таассуротга эга бўлдилар.