9 Сентябр 2024 йил 426

Гид-таржимонлар билан профилактик тадбирлар

Мамлакатимизда сайёҳларга хизмат кўрсатиш тизимини тубдан яхшилаш, қулай ҳамда сифатли давлат хизматларини кўрсатишни янада кенгайтириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг “Малака сертификатларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш тўғрисида”ги 2023-йил 30-ноябрдаги 635-сон қарори билан “Гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчиларга малака сертификатини бериш паспорти” ҳамда 2024-йилдан бошлаб малака сертификатини бериш учун малака имтиҳонини ўтказиш тартиби тасдиқланган.

Юқоридагиларга асосан, хорижий ва маҳаллий туристларга сифатли хизмат кўрсатиш, туристларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қарор ижросини таъминлаш мақсадида, вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан ҳозирда айрим шахсларнинг туризм намойиши объектлари ва уларга туташ худудларда тегишли малака сертификатисиз гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлик ҳолатларини аниқлаш бўйича манзилли профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Шунингдек, гид фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг рўйхати қайта тафтишдан ўтказилган ҳолда янгидан рўйхатлари шакллантирилиб, унда нечта шахсда тегишли малака сертификати борлиги, нечтаси сертификатисиз фаолият билан шуғулланиб келаётганлигига аниқлик киритилди, қарор мазмунини ушбу фаолият билан шуғулланувчи шахсларга етказиш мақсадида учрашув ўтказилиб, малака сертификатига эга бўлмасдан шуғулланганлик учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортилишлари тўғрисида тўлиқ профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди, бундан ташқари, тегишли малака сертификатисиз фаолият билан шуғулланиб келаётган шахслар томонидан қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида тегишли давлат органлари, идора ва ташкилотларга ўз вақтида таклиф ва тақдимномалар киритиб борилмоқда.

 

Text to speech