ФАХРИЙЛИККА КУЗАТИЛДИ
Ички ишлар идораларида хизмат қилиш кишидан катта масъулият, сабот ва матонатни талаб этади. Хизмат давомида шу хислатларни ўзлаштириб, умрини тинчликни мустаҳкамлашга, жамият тараққиётини ривожлантиришга ҳамда осойишталикни таъминлашга бағишлаган ходим эл назарига тушади. Ички ишлар органлари тизимларида йигирма йилдан ортиқ хизмат қилган сержант Ҳамза Нормуродов ҳам ана шундай ходимлардан бири. Сўнгги йилларда вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони 2-отряди ҳайдовчи ходими вазифасида самарали хизмат қилган бу инсон эҳтиром билан фахрийликка кузатилди.
- Патруль пост хизмати бежизга энг машаққатли ва масъулиятли соҳаси дея эътироф этилмайди. Ҳар куни турли характер ва кайфиятда юрган фуқаролар, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган шахслар билан муомала қилиш соҳа вакилидан юксак касбий маҳорат, тажриба ва малакани талаб этади, - деди бошқарма ППХ батальони бошлиғи ўринбосари, подполковник А.Ахмедов. - Юқорида тилга олинган хислатларни ўзлаштирган бу инсон соҳада хизмат қилаётган ёшларга касб сирларини ўргатиб, мураббийлик борасида ҳам ўзига хос мактаб яратди.
Тадбирда сўз олган юбилярнинг ҳамкасблари ва шогирдлари осойишталикни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликлар, қонунбузарликка қарши курашишда Хамза аканинг хизматини эътироф этишди.
Анъанага кўра, тадбирда нафақага кузатилган соҳа фидойисининг елкасига тўн ёпилиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.