ЭР-ХОТИННИНГ УРУШИ, АЯНЧЛИ ЯКУН ТОПДИ
Косон тумани “Қорабайир” МФЙда эр-хотиннинг жанжали туфайли содир этилган жиноят муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев, туман ҳокимлиги, туман Ички ишлар бошқамаси, 2-сектор ишчи гуруҳи ҳамда оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, ҳамда маҳалла фаоллари ва марҳумнинг яқин қариндошлари иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Маълум бўлишича, 2021 йил 05 декабр куни соат 18:00 ларда Косон тумани “Қорабайир” МФЙда яшовчи Э.Ж. маст ҳолатда турмуш ўртоғи М.Х.ни ҳақоратлаб, уриб-тепиб, томоқ соҳасидан бўққан. Чорасиз қолган аёл эрини қўлидан чиқишга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, кучи етмаганлиги сабабли охирги чора сифатида ёнида супадаги сават устида турган ошхона пичоғини олиб, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, турмуш ўртоғининг чап қўлтиқ ости соҳасига бир марта санчиб олган. Натижада, эр бўлмиш Э.Ж. олган оғир тан жароҳати туфайли вафот этган.
Йиғилишда содир этилган мудҳиш жиноятни юзага келтирувчи шарт-шароитлар ва омиллар таҳлил этилганда марҳумнинг спиртли ичимликка рўжу қўйиши, оилавий муносабатларга енгил-елпи, турмуш ташвишларига юзаки қараши оқибатида юз бергани, маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва қариндошлар нега бу ҳолатга панжа орасидан қарагани танқид остига олинди.
Ўйлаб кўрилса, маҳаллада фуқароларнинг кундалик ташвиши ва дарду муаммолари билан шуғулланиши лозим бўлган маҳалла раҳбарияти, оқсоқоллар, қўни-қўшни қолаверса, кайвонилар, қариндош-уруғлар қаёққа “қарагани” бугун номаълум. Эр-хотиннинг уйда кунора ёки муттасил бўлиб келган жанжалидан қўшнилар ва қариндошларнинг хабари бўлган. Фақат эрни инсофга, эр-хотинни муросага чақириш ишлари номигагина ёки бўлмаса умуман амалга оширилмаган. Натижада ота ароққа рўжу қўйган. Оқибат эса аёлни жиноятчи деган тамғани олишга ва эл аро юзи шувит бўлишга олиб келди.
Халқимизда сўнгги пушаймон ўзингга душман, деган нақл бор. Аёл қилган қилмишидан пушаймон бўлиб, келгуси аччиқ қисматга дучор бўлди. Лекин сўнгги пушаймондан фойда йўқ.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан М.Х.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.