“Энг яхши совға - китоб”
Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида “Энг яхши совға - китоб”мавзусида “Маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлар ходимлари ва Қарши Давлат Университети ўқитувчиси иштирок этди. Тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Олимжон Абдуллаев очди.
Йиғилишда сўз олган Қарши Давлат Университети Адабиётшунослик кафедраси доценти филология фанлари номзоди Шерзод Акрамов китоб билимлар манбаи эканлиги, унинг инсон маънавиятини ўстиришдаги ўрни ҳам беқиёслиги, бадиий адабиёт намуналари китобхонга оқ-қорани, яхши-ёмонни танитиб, унинг қалбига эзгулик уруғларини экиши, кишини ҳаёт гўзалликларидан завқланишга ўргатишини таъкидлади.
Ҳозирги кунда барча ҳудудларда китоб ярмаркалари ташкил этиляпти. Aҳоли ўртасида миллий ва жаҳон мумтоз адабиётининг юксак намуналари тарғиб қилиняпти. Энг фаол китобхонларни рағбатлантиришга қаратилган танловлар ўтказиляпти. Буни ички ишлар органлари тизими мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Лекин киши аслида танловларда ғолиб чиқиб, мукофотларни қўлга киритиш учун эмас, руҳий оламини бойитиш учун китоб ўқиши керак. Бадиий асар мутолааси инсоннинг маънавий эҳтиёжига айланиши лозим.
Яхши китобларни ўқиган инсонлар гап-сўзидан, хатти-ҳаракатидан ҳам дарҳол билинади. Улар атрофидагиларда хушмуомалалиги, фикрининг теранлиги, мулоҳазакорлиги билан ёқимли таассурот қолдиради. Китоб ёш авлодни инсонпарварлик, адолатпарварлик, миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда китобдан кўра таъсирчанроқ восита йўқ.
Шунингдек, йиғилишда Бошқарма Тиббиёт бўлими санитария-эпидемиология назорат маркази бошлиғи майор Рустам Даминов “Соғлом турмуш тарзи – саломатлик гарови” мавзусида маъруза қилди.