Ёшлар билан учрашув
Ёшларни интеллектуал салоҳияти, ахборот технологиялари соҳасидаги билимини ошириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қуватлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Бахтиёр Ражапов ўзига бириктирилган Қарши шаҳар “Араловул” маҳалласида истиқомат қилувчи бир гуруҳ ёшлар билан учрашув ўтказди.
Қарши шаҳар IT park – ахборот технологиялари соҳасида лойиҳалар яратиш марказида бўлиб ўтган тадбирда 30 нафарга яқин ёшлар, маҳалла ёшлар етакчиси ҳамда таълим муассасаси ўқитувчилари иштирок этишди.
Кенг қамровли тадбирда дастлаб полковник Бахтиёр Ражапов ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ҳозирги кунда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, уларга яратиб берилаётган имконият ва шарт-шароитлар ҳақида тушунтиришлар берди.
Тадбирда интернетдан фойдаланишда ахборот олиш ва тарқатиш гигиенаси, мулоқот маданиятига риоя қилиш, ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятлар қурбонига айланиб қолишни олдини олиш, киберхавфсизлик йўналишлари бўйича ёшларга атрофлича тавсия ва тушунчалар берилди.
Очиқ мулоқот руҳида савол-жавоблар асосида ўтган учрашувда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда IT park – ахборот технологиялари марказида ёшлар учун яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш имкониятлари борасидаги билими бойитилди.
Якунда давра суҳбатида фаол иштирок этган ёшлар ва уларнинг ўқитувчи-мураббийларига бадиий китоблар ва эсдалик совғалари берилди.
Бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.