18 Феврал 2023 йил 1400

“Дунёдаги геосиёсий вазият ва унинг Ўзбекистонга таъсири”

Қашқадарё вилояти ИИБда “Дунёдаги геосиёсий вазият ва унинг Ўзбекистонга таъсири” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари, Қарши давлат университети ўқитувчиси иштирок этди. Уни бошқарма ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари подполковник Шермухаммад Муслимов очди.

Йиғилишда сўз олган Қарши давлат университети ўқитувчиси, доцент Рустам Бойматов сўзга чиқиб, башарият учинчи минг йилликка қадам қўйганига ҳам салкам чорак аср бўлгани, бу минг йилликда инсоният жаҳон ва айрим мамлакатларнинг тақдири қандай кечади, халқаро муносабатлар қайси йўналишда ривож топади, минтақавий, этник, диний, миллий зиддиятлар кундан-кунга кўпайиб бораётган ер юзида вазият қай тарзда бўлади, деган саволлар қаршисида турганини таъкидлади.

Ўтган асрдаёқ асос солинган ва бугунги кунгача унчалик жиддий ўзгаришларга учрамаган геосиёсат давлатлараро алоқаларга, бу эса, ўз навбатида, халқаро муносабатларга амалий таъсир ўтказиб келмоқда.

Хўш, дунёдаги кескин геосиёсий вазият ва унинг Ўзбекистонга таъсири ва минтақадаги роли қандай?

Мамлакатимиз Марказий Осиёдаги муҳим стратегик аҳамиятга эга давлатлардан биридир. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган, беш давлат билан чегарадош бўлган ягона давлатдир. Шунингдек, у табиий ресурсларга ҳам бой ўлкадир.

Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг қўшни давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди, давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувлари йўлга қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган ислоҳотлар одамларимиз уларнинг самарасини келажакда эмас, балки бугун ҳис этишида, давлат органларининг халқ иродасини ифода этиб, инсон манфаатларига хизмат қилишида муҳим омил бўлмоқда.

Йиғилишда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтган ҳафтада содир этилган фавқулодда ва салбий ҳолатлар ҳамда бундай салбий оқибатли ҳодисаларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида масъул ходимнинг маърузаси тингланди.

Якунда “Ахборот маконидаги суиистеъмолчиликларга барҳам бериш ёхуд очиқлик шароитида хизмат олиб бориш” номли видеофильм тадбир иштирокчиларга намойиш этилди.

Text to speech