14 Апрел 2022 йил 469

Депутатлар Жамоат хавфсизлиги хизмати раҳбарининг ҳисоботи тинглашди


Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида, аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этишнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, ички ишлар органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Шу билан бирга, жаҳонда кучайиб бораётган турли хавф-хатар ва зиддиятлар, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигига таҳдидлар, пандемия, табиий ва техноген офатлар масъул давлат тузилмаларига ўз фаолиятини “Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун” деган устувор ғоя асосида янада такомиллаштириш вазифасини юкламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-27-сонли Фармони 6-банди ижросини таъминлаш мақсадида, Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Қашқадарёда Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари томонидан ҳар чоракда жамоат хавфсизлиги юзасидан ҳисобот бериш, шунингдек, мазкур йўналишда кўрилаётган чораларнинг натижаларини танқидий муҳокама қилиб, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш амалиёти жорий этилди.
Мазкур сессияда депутатлар томонидан вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари-ЖХХ бошлиғининг ҳисоботи тингланди. Жамоат хавфсизлиги йўналишида кўрилаётган чораларнинг натижалари танқидий муҳокама қилиниб, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича депутатлар томонидан тегишли тавсиялар берилди.
Билдирилган фикр ва мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари-ЖХХ бошлиғининг жиноятчиликни барвақт олдини олиш ва рўй берганларини фош этиш борасидаги таклифлари эшитилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Text to speech