21 Январ 2023 йил 492

“Давлат тили – бирлигимиз, борлигимиз рамзи”

Қашқадарё вилояти ИИБда “Давлат тили – бирлигимиз, борлигимиз рамзи” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари, Қарши давлат университети ўқитувчиси иштирок этди. Уни бошқарма ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари подполковник Шермухаммад Муслимов очди.

Йиғилишда сўз олган Қарши давлат университети ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шерзод Акрамов сўзга чиқиб, тил – миллат кўзгуси эканлиги, унинг таърифини дунёдаги энг буюк зот – Она номи билан бирга таъкид этиш бекорга эмаслигини таъкидлади.

Аслида ҳам шундай. Мурғакликдан қалбимизга энг эзгу фазилатлар она алласининг сеҳрли оҳанглари, она тилимизнинг бетакрор жозибаси билан оқиб кириб, жисми жонимизга, руҳимизга сингади. Ўз тилини йўқотган инсон эса ўзлигини йўқотиши тайин.

 Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу боис, ўзбек тили давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси каби қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзлари қатори эъзоз ва эҳтиромда.

Тарихга назар солсак, ўша кезларда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам эди. Айниқса, кейинги йилларда давлат тилининг нуфузи ва мақомини юксалтиришга қаратилган фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий «Халқ орасидан чиққан истеъдод аҳли салоҳият ва қобилиятларини ўз тиллари турганда ўзга тил билан зоҳир қилмасалар ва ишга солмасалар эди. Агар иккала тилда ижод этиш қобилиятлари бўлса, ўз тилларида кўпроқ ёзсалар эди», дея она тилимиз тақдири учун куюнган. Алишер Навоий ҳақиқий миллатпарвар шоир сифатида ўзбек тили ва адабиётимизнинг нечоғлик бой, ранг-баранглиги ва чексиз имкониятларини бутун ижоди ва серқирра фаолияти билан исботлаб, унинг нуфузини жаҳон миқёсига олиб чиқди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, дунёда ўзбек тили борлиги учун ўзбек деган миллат бор, ўзбек деган миллат борлиги учун Ўзбекистон деган давлат бор. Мустақил юртимизнинг давлат тили бўлган ўзбек тили бирлигимиз, борлигимиз рамзидир.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январь кунидаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида тайёрланган видеоролик намойиш этилди

Шунингдек, ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ЎМИБ тезкор вакили майор Жамшид Расулов республика миқёсида ходимлар билан боғлиқ содир бўлган салбий ва фавқулодда ҳолатлар тўғрисида, ҳамда Ташкилий бошқарма мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи бош инспектори майор Искандар Рахмонқулов вилоят ички ишлар органларига келиб тушган мурожаатларнинг ижроси юзасидан ахборотлари тингланди.

Text to speech