Давлат герби – мустақиллик тимсоли!
Қашқадарё Вилояти Яккабоғ тумани Ички ишлар бўлими.
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туман ИИБда Ўзбекистон Републикаси давлат герби қабул қилинган кун муносабати билан “Давлат герби – мустақиллик тимсоли!” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда туман ИИБнинг соҳавий хизматлар ходимлари ва туман Маънавият ва маърифат маркази мутасадди рахбарлари бевости иштирок этишди.
Йиғилишда иштирокчиларга бундан роппа-роса 24 йил муқаддам — 1992 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг X сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани айтиб ўтилди. Халқимиз ўзи истаган ҳамда танлаган йўл — озод ва обод Ватан, эркин ҳамда фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида яна бир муқаддас рамзга эга бўлди. Гербимиздаги ҳар бир ранг, чизиқ, белги теран рамзий маънога эга. Ўнг томондаги пахта ва ғарқ пишган буғдой бошоқлари халқимизнинг меҳнати ҳалол, ризқи бутун эканлигини ифодалайди. Гербнинг юқори қисмида мамлакатимиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Унда ўз ифодасини топган яримой қўлга киритилган мустақиллигимизни, юлдуз эса халқимиз ҳамиша комилликка интилиши ҳамда саодатга элтувчи йўлни танлаганини билдиради. Давлат гербидаги яшил водий узра қуёш нур сочаётган тасвир туширилган. Баланд тоғлар оралаб оқаётган дарёлар — авлодлар оша яшаб келаётган мангу қувват тимсоли, халқимиз кўзлаган юксак марралардан далолат беради. Герб марказида ҳиммат, олижаноблик ва фидойилик тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб турибди. У қадимдан бахт ҳамда давлатмандлик рамзи, эрк, саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли ҳисобланган.
Давлатимиз гербида гуллаган водий узра нур сочаётган қуёш тасвири заминимизнинг серқуёшлигига, халқимиз интилаётган нурафшон манзилларга ишорадир. Гербнинг пастки қисмидаги республика Давлат байроғини ифодаловчи уч рангдаги чамбар бандига “O`zbekiston” сўзи битилган. Бу билан нафақат мамлакатимиз мустақиллиги мустаҳкамланди, балки халқимиз ўзи истаган ва танлаган йўлда яна бир муқаддас тимсолга эга бўлди.
Тадбир якунида туман Маънавият ва маърифат маркази мутахассис ходимлари сўзга чиқиб, туман ИИБнинг сохавий хизимат рахбарлари билан ҳам бу борада аҳоли ўртасида кенг-кўламли тадбирларни уюштириш фуқаролар ва ёшларнинг давлат гербининг аҳамияти ва ундаги тимсоллар тўғрисидаги тушунчаларини янада бойтиш борасида тавсия ва таклифлар берилди.