29 Апрел 2022 йил 980

Чироқчи туманида “Ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги тортишув” натижасида содир этилган қонунбузарлик муҳокамаси бўлиб ўтди

Чироқчи туманида “Ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги тортишув” натижасида содир этилган қонунбузарлик муҳокамаси бўлиб ўтди

Чироқчи тумани ҳокимлигида “Ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги тортишув” натижасида содир этилган қонунбузарлик муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов, вилоят прокурори Эркабай Таджиев, ИИБ бошлиғи Шуҳрат Сатволдиев, Чироқчи тумани ҳокими Нодир Эркаев, тумани прокурори Баҳодир Худойқулов, туман ИИБ бошлиғи полковник Актамали Бешимқулов, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ғанишер Карманов, ҳамда туман ИИБ ходимлари ва фаоллари иштирок этди.
Танқидий ва таҳлилий руҳдаги муҳокама йиғилишида сўз олганлар Чироқчи туманида жорий йилнинг 26 апрель куни соат тахминан 17:30ларда Чироқчи тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан туман марказидаги “Чироқчи деҳқон озиқ-овқат бозори” МЧЖ атрофида жамоат тартибини сақлаш ҳамда автомашиналар тирбандлигини олдини олиш мақсадида патруль махсус автомашинаси овоз кучайтиргич мосламаси билан хизмат олиб бораётганда бир неча фуқаролар хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан фаол қаршилик кўрсатган. Улардан бири патруль автомашинасини олд ўриндиғида бўлган ЙПХ катта инспектори Б.Каримовни хизмат кийимининг пагони, боди камераси ва кўкрак нишонини юлиб олган.
Қўшимча кучлар чақиртирилиб, жамоат тартиби тиклангач, ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатган фуқароларни шахси аниқланиб, Ш.Б., Н.Б., Н.Д. ва Қ.А.га ҳозирда Чироқчи туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани, гумон қилинувчиларнинг уч нафари ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, бир гуруҳ шахслар эса суд қарорига асосан маъмурий жавобгарликка тортилгани айтиб ўтилди.
Тадбирда оддий тушунмовчилик ва ҳуқуқий билимнинг етарли эмаслиги жиноятларга сабаб бўлаётгани, жойлардаги мутасаддилар ушбу йўналишда етарлича тарғибот ишларини олиб бормаётганини танқид остига олинди. Шунингдек, бу каби жиноят учун қонунчилигимизда қатъий жазо чоралари белгилангани ва жиноятга жазо муқаррарлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, бугун аксарият фуқаролар атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқлик билан қараб, айрим ҳолатларни кўриб-кўрмасликка олаётганликлари, бўлаётган ҳолатларга томошабин бўлишга ўрганиб қолаётганликлари кескин қораланди. Муҳокамада иштирок этган фаоллар ва фуқаролар ҳам содир этилган бу жиноят юзасидан ўз муносабатларини очиқ баён этишди.
Муҳокама сўнггида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини кенг жамоатчилик вакилларига янада таъсирчан усулларда етказиш бўйича ҳудудий профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, кўчабошилари, оқсоқоллари ҳамда маҳалла фаоллари олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Якунда ҳокимият вакиллари, хусусан ички ишлар органлари ходимларининг қонунбузарликларни олдини олиш борасидаги хизмат фаолиятига қаршилик кўрсатиш қонуний жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мисоллар асосида тушунтирилди.

Text to speech